Учрашувда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари – «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров делегация вакилларини мамлакатимизда сув таъминоти соҳасидаги ислоҳотлар, давлат-хусусий шериклик ва халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳалар билан таништирди.

Мулоқот давомида Сингапур бизнес миссиясининг вакили, «PTTS Holdings LLC» компанияси бошқарув директори Фу Сей Тие сув таъминоти соҳасида ўз мамлакати тажрибаси билан ўртоқлашди.

– Сингапурда чучук сув манбалари етарли эмас, мазкур муаммони ечиш мақсадида денгиз сувини қайта ишлаш, шўр ва оқова сувларни тозалаш технологиялари кенг жорий қилинган, – дейди «PTTS Holdings LLC» компанияси бошқарув директори Фу Сей Тие. – Ушбу технологияларнинг афзаллиги шундаки, улар энергия тежамкор бўлиб, юқори самарадорликка эга. Энг муҳими, сув таъминоти соҳасидаги шу каби замонавий технологияларни Ўзбекистонга ҳам жалб қилиш имкониятлари мавжуд. Бунинг учун Сингапур бизнес вакиллари ҳамкорлик алоқаларини бошлашга тайёр.

Учрашув якунида томонлар сув таъминоти соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олди.