2020 йилнинг 3 сентябрда 42 ёшли аёл 43 ёшли таниш аёлнинг шахсий фотосуратларини қўлга киритиб, уларнинг сир сақланиши учун фотосурат эгасидан товламачилик йўли билан пул талаб қилган.

Акс ҳолда расмларни эгасининг яқин қариндошларига кўрсатиш, ҳамда интернет тармоғи орқали тарқатиб шарманда қилиш билан қўрқитгани маълум бўлган.

Жорий йил 4 сентябрда ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳар Университет хиёбонида «уддабурон аёл» танишидан 2 200 доллар пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича товламачи аёл айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.