Дастлаб куннинг биринчи қисмида Сирдарё вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда вилоят хокимлиги, вилоят Кенгаши депутатлари, бошқарма ва идоралар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримов очиб бериб, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида Сирдарё вилояти аҳолиси турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланганлиги, ушбу вазифа ва мақсадларни амалга оширишда жамоатчилик мониторингининг ўрни ва аҳамияти юқори эканлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, тадбирда асосий маърузачи сифатида иштирок этган «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларининг жойлардаги ижроси натижаларини кенг аҳоли қатламига етказиб бориш ҳамда унинг жойлардаги ижросида бевосита аҳолининг иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Инсон қадри» онлайн порталининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда Э.Туляков томонидан порталнинг ишлаш механизми ва ундан кутилаётган натижалар тўлақонли ёритиб берилди. Жумладан, «davlatdasturi.uz» онлайн платформаси орқали Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имкони яратилганлиги, аҳоли Давлат дастурининг ижроси юзасидан ўз фикр, таклиф ва эътирозларини билдиришлари мумкинлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, Давлат дастурининг ҳар бир бандининг ижро ҳолатини кўрсатиб ўтиш имконияти яратилганлиги тегишли давлат органларининг Давлат дастурининг ижроси бўйича масъулияти ва ҳисобдорлигини оширади.
Шу билан бирга, порталда амалга оширилган ислоҳотларни ўз ҳаётида ҳис қилиши керак бўлган фуқароларда ижро ҳолати бўйича ўз муносабатларини фото, видео ёки электрон ҳужжатларни юклаш орқали ҳам жўнатиш имконияти яратилган. Бу, ўз навбатида, кенг жамоатчиликнинг Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг мониторинги ва амалга оширилишидаги тизимли иштирокини таъминлаш ва натижадорлигини баҳолашга хизмат қилади.
Хусусан, порталга Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси натижалари юзасидан инфографик маълумотлар, видеоролик ва таҳлилий шарҳларга оид маълумотларни киритиб борилиши, кенг жамоатчиликнинг Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан тўла хабардор бўлишини таъминлайди.
Шунингдек, Э.Туляков «davlatdasturi.uz» онлайн платформасидан кўзланган натижага эришиш бевосита ҳар бир фуқаронинг бугунги ислоҳотларга бўлган дахлдорлик ҳиссига боғлиқ эканлигини таъкидлади. Сабаби, эндиликда барча юрдошларимиз каби сирдарёликлар ҳам мунтазам равишда ушбу платформани кузатиб бориб, вилоятда амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига масъул саналишини айтиб ўтди.
Куннинг иккинчи қисмида Жиззах вилояти ҳокимлигида вилоят, туман-шаҳар раҳбариятлари ҳамда вилоят фаоллари иштирокида «Инсон қадри» онлайн порталининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирнинг кириш қисмида, Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов томонидан маъруза қилинди. А.Мустанов ўз маърузасида Ўзбекистонни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган 100 та мақсад ва унинг доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг аксарияти, айнан Жиззах вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга, вилоят аҳолисининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилганлигини таъкидлади.
Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида назарда тутилган 398 та банднинг 250 дан ортиғи Жиззах вилояти билан боғлиқ бўлиб, айни кун ҳолатига ижро муддати етиб келган 150 га яқин чора-тадбирлар ўз вақтида бажарилган.
Шундан сўнг, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирокчиларга «Инсон қадри» онлайн портали билан таништирди. Э.Туляков порталнинг номи бежизга «Инсон қадри» дея номланмаганлиги, боиси ушбу портал орқали ижроси назорат қилиб бориладиган Тараққиёт стратегиясида белгиланган барча мақсадлардан кўзланган энг асосий мақсад мамлакатда инсон қадрини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган ишларни тизимли давом эттиришга қаратилганлигини таъкидлади.
Шунингдек, ҳар икки тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан тайёрланиб чоп этилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган 7 та устувор йўналиш ва уни амалга оширишга қаратилган 100 та мақсад ҳамда кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимотига оид видеоролик намойиши ҳам ўтказилди.
Қизиқарли маълумот ва янгиликларга бой бўлган тақдимотлар якунида мазкур портал “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси томонидан мунтазам равишда такомиллаштириб борилиши, бунда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларга ҳам доимий равишда эътибор қаратилиши маълум қилинди. Жумладан, аҳоли томонидан порталда ёзиб қолдирилган ҳар бир таклиф ва ташаббус тегишли соҳа ходимлари ва марказ экспертлари иштирокида ўрганиб чиқилиб, келгусида амалга ошириладиган Давлат аҳамиятидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фойдаланилиши маълум қилинди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати