Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Сирдарё вилояти бўйича бошқарма ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган йирик миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинган.

Хусусан, ўзбек-тожик давлат чегарасининг Ховос тумани Шарқобод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида тожикистонлик наркокурьерлар томонидан чегара сим тўсиқлари устидан улоқтирилган 6 та сумкани қабул қилиб олаётган вақтда 1983 ва 1990 йилларда туғилган икки нафар маҳаллий фуқаро чегара наряди томонидан ушланган.

Сумкалар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, уларнинг ичида 8 кг 314 грамм героин ва 54 кг 458 грамм опий моддалари борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ҳамда 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ўтказилган тезкор тадбирда маҳаллий мактабларнинг бирида ўқитувчи бўлиб ишловчи, 1984 йилда туғилган фуқаро муқаддам тожикистонлик наркокурьерлар олиб келган 14 кг 680 грамм опий моддасини шартли харидорга 180 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда ушбу жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тергов-тезкор ҳаракатлар давом этмоқда.

Фуқаролардан бундай қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида Давлат хавфсизлик хизматига 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш сўралди. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.