Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ўртасида Жанубий Корея компаниялари ва Сирдарё вилояти ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестиция ва молия-техника соҳаларида ҳамкорликнинг ҳозирги ва истиқболдаги ҳолатлари тўғрисида музокара бўлиб ўтди.
Ушбу учрашув давомида томонлар вилоятда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳаси йўналишида замонавий иссиқхона барпо этиш, мавжуд маҳаллий хомашёлардан кенг фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни такомиллаштириш учун инвестиция киритиш, эпидемиологик ҳолат барқарорлашиши билан Сирдарё вилоятида Жанубий Корея ишбилармон доиралари иштирокида бизнес форум ташкил этиш, Сардоба талафотидан зарар кўрган ҳудудларга гуманитар ёрдам кўрсатиш билан бирга ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Музокара давомида элчи Виталий Фен ўзи туғилиб ўсган юрт яъни Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланиши учун бор куч ғайратини аямаслиги ҳамда Сирдарё вилояти учун яқиндан ёрдам беришга тайёр эканлигини айтиб ўтди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.