Унда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик маъмурий регламент тасдиқланди. Шу билан бирга, ҳеч кимга тегишли бўлмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали (сотиш) хусусийлаштириш тартиби тўғрисида вақтинчалик низом ишлаб чиқилди.

Тажриба давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 нафар вакили, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг 165 депутати иштирок этди. Улар хусусийлаштириш субъектлари орасида белгиланган тартиб-таомилларни кенг кўламда тарғибот қилиш ишларини олиб бордилар.

Жумладан, Сирдарё вилоятининг 230 та аҳоли пунктида экспериментдан кўзланган мақсад ҳақида тушунтиришлар ўтказишди.

Бундан ташқари, мазкур ишларнинг афзаллик томонлари хусусида юридик ва жисмоний шахсларга бир қатор маълумотлар тақдим этилди. Масалан, жисмоний шахслар хусусийлаштирилган ер участкаларини гаровга қўйиш натижасида банклардан кредит маблағларини жалб этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш имкониятига эга бўлиши таъкидланди.

Хусусийлаштирилган ер участкасини келгусида реализация қилиш (сотиш) орқали ушбу ер участкасининг нархини бозор қийматидан юқори нархда баҳолаш имкониятининг мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, юридик шахсларга хусусийлаштирилган ер участкасининг дахлсизлиги ҳамда шахсий мулк ҳуқуқи Қонун билан муҳофаза қилиниши унинг асосий афзалликларидан эканига урғу берилди. Умуман олганда, одамларда амалга оширилаётган ишлардан аҳолига келадиган фойда ва зиённи фарқлаш имкони юзага келди.

Сирдарё вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси биносида доимий фаолият олиб борувчи вилоят штаби ташкил этилди. Бу орқали жараённи мувофиқлаштириш, ҳуқуқий эксперимент вақтида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор бартараф этиш ҳамда тегишли таклифларни ўрганиб чиқиш масалалари қамраб олинади.

Бундан ташқари, вилоятнинг барча давлат хизматлари марказларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш учун аризаларни қабул қилиш имконияти яратилди.

Натижадорликка эришиш учун яна бир қатор ишларни амалга ошириш зарур эди. Улардан бири бу фаолиятни рақамлаштириш масаласи бўлиб, махсус ахборотлаштириш тизимига эҳтиёж юзага келади.

Шуни инобатга олган ҳолда, жараёнини амалиётга татбиқ этиш ва уни мувофиқлаштириш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, «Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУК, «Давергеодезкадастр» қўмитаси билан биргаликда “YERНUSUSIYLASНTIRISН” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Мазкур тизим жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган хусусийлаштириш тартибини электрон кўринишга келтириш, тақдим этилган аризаларни кўриб чиқиш ва улар бўйича қарор қабул қилишга ихтисослаштирилгани билан аҳамиятлидир.

Олиб борилган ҳуқуқий тажриба давомида электрон тизим орқали 64 та ариза қўриб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Уларда аризалар миқдори, мазмуни талаб ва тартиб асосида ажратилди.

Аксарият ҳолларда жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер майдонларини ўзлаштириш имконияти мавжуд эмаслиги, кўп хонадонли турар-жой бинолари ёнидаги ер майдонларини хусусийлаштириш масаласи тартибга солинмагани яққол намоён бўлди. Кичик саноат зоналари ҳудудидаги ер майдонларини хусусийлаштириш қонунчиликда белгиланмагани, ана шундай жойларни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятлари ҳисобга олинмагани натижасида юқори баҳоланиши ҳам кузатилди. Ташкилий-техник ишларида ҳам қатор муаммолар борлиги аниқланди.

Муаммолар ҳамда вилоятда ўтказилган ҳуқуқий эксперимент натижалари мутасадди органларга тақдим этилди. Чора кўриш бўйича таклифлар берилди. 

Камчиликларни бартараф этувчи меъёрларни татбиқ этган холда Вазирлар Маҳкамасининг “Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда ““Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Уларни ишлаб чиқишда Парламент аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда турли соҳа мутахассисларидан таклифлари инобатга олинди.

Билдирилган ҳар бир таклиф, татбиқ этилган ўзгартиришларда жойлардаги реал ҳолат ҳисобга олинган. Муаммолар ечимини назарда тутувчи талаблар ишлаб чиқилган. Бу орқали нафақат бир вилоят, балки кўплаб ҳудудлардаги ўхшаш муаммоларга барҳам берилади. 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати