Унда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Сирдарё вилояти ҳокимлиги масъуллари, секторлар раҳбарлари, Ёшлар парламенти аъзолари, ҳудуд фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борган мажлисда “Сардоба” сув омбори тўғонида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, парламент юқори палатасига “Сардоба” сув омборидан сув тошиши оқибатида талофат кўрган фуқаролардан кўплаб мурожаатлар йўлланган. Улар сенаторлар томонидан жойига чиқиб кўрилди. Бунда нафақат аҳоли мурожаатлари билан ишланди, балки уларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Қолаверса, Сенат Ишчи гуруҳи томонидан жорий йил 14-18 август кунлари Сирдарё вилоятининг талафот кўрган Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида амалга оширилган ишлар ўрганилди. Бу жараёнга ҳудуддаги сенаторлар ҳам жалб этилиб, муаммоларни аниқлаш мақсадида халқ депутатлари Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба туманлари Кенгашлари депутатлари иштирокида аҳоли билан бевосита мулоқот олиб борилди.

Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракати билан ижтимоий соҳа объектларида бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 9,5 млрд. сўм маблағ тўловлари тўланмаётганлиги аниқланиб, ушбу маблағлар қурувчи ташкилотларга тўлиқ ундириб берилди. Қолаверса, Сардоба туманидаги “Global Idea” МЧЖга 10,0 млрд.сўм кредит маблағи ажратилиши таъминланди. Яна бир жиҳат, Мирзабод туманининг “Ҳақиқат” МФЙда жойлашган “Нуронийлар маскани” негизида “Ёшлар меҳнат гузари”ни ташкил этиш мақсадида 1,7 млрд.сўм маблағ ажратилиб берилди.

Талафот кўрган 3та туманда жамоатчилик ишларига жалб этилган жами 1 минг 870 нафар фуқарога тўланиши лозим бўлган 1 млрд. 580 млн. сўм маблағ Ишчи гуруҳ ёрдами билан ҳал этилди.
Шу ўринда Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганиш давомида муаммо ва камчиликлар аниқлангани инобатга олиниб, биринчи маротаба Сенат Кенгашининг сайёр мажлисини ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Мажлисда “Сардоба” сув омбори тўғонидан сув тошиш оқибатларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Хусусан, учта тумандаги 28 та маҳалладан 89 450 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. Бугунги кунга қадар уларнинг 83,4 фоизи ўз яшаш манзилларига қайтарилган.
Бундан ташқари, техноген офат оқибатида жами 4 710 та хонадонга талафот етказилган бўлиб, шундан 2 211 таси яроқсиз,2 499 таси таъмирталаб ҳолатга келган. Шу кунгача уйлари яроқсиз ҳолга тушган фуқароларни янги уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2 640 хонадонли 66 та кўп қаватли уй қуриш режаси 56 фоизга бажарилган.

Шу билан бирга, тўртта электр подстанцияси, 106 та трансформатор, 6 269 та электр устуни, 345 км узунликдаги электр симларига зарар етиши сабабли 12 та аҳоли пунктида юзага келган узилишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун 68 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.
Бунинг баробарида, 106,5 км ичимлик суви тармоқлари, 8 та сув тақсимлаш иншооти, 1 км оқова сув тармоқларини тиклаш учун 13 та аҳоли пунктида юзага келган муаммоларни ҳал этиш учун 129,7 млрд. сўм ҳажмида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган.
Мажлисда техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш борасида ечимини кутаётган айрим муаммоларга эътибор қаратилди. Хусусан, жами 175 та тадбиркорлик субъектидан 32 тасига етказилган зарар миқдори 9,1 млрд. сўм деб аниқланган бўлса-да, қолган 143 та тадбиркорнинг мол-мулкига етказилган зарар миқдори бўйича аниқ ҳисоб-китоблар амалга оширилмаган ва зарарни қоплаш бўйича ҳеч қандай амалий чора-тадбирлар кўрилмаган.

Қолаверса, умумтаълим объектларини таъмирлаш, тиклаш ва қайта қуриш ишлари белгиланган муддатларда амалга оширилмаган. Уй-жойсиз қолган 1 308 нафар фуқаро ҳозирги кунгача 13 та муассаса, шу жумладан, 6 та умумтаълим мактабида яшаётганлиги сабабли мазкур таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш ишлари кечикмоқда.
Яна бир жиҳат, ирригация-мелиорация объектларини тиклаш ишлари бўйича молиялаштириш ишлари якунига етказилмаган. Айрим қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича етказилган зарарни қоплаш ишлари етарли даражада бажарилмаган.
Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида талафот кўрган 54 та фермер хўжалигининг 4 204 гектар пахта ва ғалла майдонларига экинларни қайта экиш учун суғурталанмаган 9,5 млрд. сўмлик зарарни қоплаш масаласи ҳал этилмаган. Бундан ташқари, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик йўналишларида ҳам шу каби муаммолар ўз ечимини кутмоқда.

Шу билан бирга, мажлисда ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари суст олиб борилаётгани таъкидланди. Мазкур йўналишда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди.
Қайд этилганидек, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида Сардоба туманида амалга оширилиши кўзда тутилган 275 млн. сўмлик 3 та, Мирзаобод туманида қиймати 260 млн. сўмлик 8 та лойиҳа тегишли мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги сабабли бажарилмаган ва ёшлар учун мўлжалланган янги иш ўринлари яратилмаган. 186 нафар оғир турмуш шароитида яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам талаб даражасида эмас.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари ҳам етарли даражада ташкил қилинмаган, 11 та маҳалладаги вақтинчалик ишсиз қолган ва хориждан қайтиб келган 4 325 нафар ишсиз фуқаронинг 31 фоизи ишга жойлаштирилган.
Шунингдек, мажлисда Сирдарё вилоятида юз берган техноген ҳолат оқибатида жабр кўрган фуқаролар муаммоларини яна бир бор ҳукумат даражасида Ишчи гуруҳ ташкил қилган ҳолда пухта ўрганиш зарурлиги, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат комиссиясига таклиф киритиш лозимлиги таъкидланди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.