«Уч авлод» учрашуви вилоят ҳокими томонидан юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаолларга «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонларини тантанали равишда топширилиши билан бошланди.
Тадбир доирасида фаоллар учун Гулистон шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилди. Иштирокчилар махсус сайёҳлик автобусида шаҳардаги бунёдкорлик ишлари, ўзгаришлар билан танишди.
Навбатдаги манзил сифатида Сирдарё тумани танланди. Қатнашчилар «Сирдарё универсал ойна» МЧЖ, «Сирдарё мега люкс» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси фаолияти, шарт-шароитлари билан танишдилар. Шундан сўнг иштирокчилар Сирдарё туманидаги «Peng-Sheng» қўшма корхонаси қошида қад ростлаган Ўзбекистон-Хитой дўстлик боғига ташриф буюрдилар. Вилоятдаги барча туман-шаҳарларнинг бетакрор маданияти ва санъати, бугунги ҳаёти, турли соҳаларда эришаётган марралар акс эттирилган кўргазма ва композициялар уларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир сўнгида вилоятда яшаб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган турли миллат вакиллари томонидан намойиш этилган бадиий чиқишлар Ўзбекистон бағрикенг диёр эканининг ифодаси бўлди.