Бу ҳақда ДХХ хабар қилди.

Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2021 йил декабр ойидаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор шахсдан ундирувчи фуқаро фойдасига 30 млн сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар ундириш белгиланган.

Бироқ давлат ижрочилари шахсий манфаат йўлида қарздордан ижро ишини тугатиш эвазига 20 млн сўм олган. Шундан 14 млн сўмни ундирувчига бериб, ундан гўёки 30 млн сўм тўлиқ олингани ва даъвоси йўқлиги ҳақида тилхат ёздириб олишган.

Қолган 6 млн сўмни эса туман прокуратураси биноси олдида ўзаро тақсимлаб олишган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.