Мазкур бизнес акселераторни ишга тушириш йўлида 6 миллиард 50 миллион сўм маблағ сарф қилинди. Муассасанинг асосий вазифаси тадбиркорлик субъектларига ўз бизнесини юритишда яқиндан ёрдам бериш, илғор ахборот, инновацион ва педагогик технологиялар ёрдамида тадбиркорлик курсларини ташкил этишдир. Марказда бир вақтнинг ўзида 250 нафар тингловчини тадбиркорликка ўқитиш мумкин. 

Бу ерда ёшлар сартарошлик, ошпазлик, қандолатчилик, тикувчилик, компьютер саводхонлиги, электро-газ пайвандлаш, иссиқхона хўжалигини юритиш, автотех хизмат, теле ва радио устаси йўналишларида касб эгалари бўлишлари, шунингдек, инглиз, рус, япон ҳамда корейс тили курсларида ўқишлари мумкин.

Ушбу курслар йўналишига қараб 1 ойдан 3 ойгача давом этади. 

Яқин кунларда бизнес акселераторнинг тантанали очилиш маросими ўтказилиши кутилмоқда.

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бугун мазкур марказга ташриф буюрди ва тайёргарлик жараёнлари билан танишди. “Яхши бизнесни йўлга қўйиш осон иш эмас. Aйниқса, кўп пул ёки зарур малака бўлмаса. Лекин бу дегани палончининг ўғли катта бизнес қилмасин, у буни эплолмайди дегани эмас. Ёш ишбилармонларга мана шу каби бизнес-акселераторлар ёрдам қўлини чўзади“, – деди вилоят ҳокими жараёнлар билан танишиш чоғида.

Шунингдек, Ғофуржон Мирзаев томонидан марказга асосан "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари"га рўйҳатга олинган фуқароларни қамраб олиш, уларни бандлигини таминлашни туман сектор раҳбарлари олдига асосий вазифа қилиб қўйлди.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати