Қалбаки пул маблағларини муомала киритириши қанчалик иқтисодиётга зиён эканлиги ва бунинг оқибати қанчалик оғир бўлиши ҳаммага маълум. Бироқ орамизда афсуски фақат ўзининг нафсини ўйлайдиганлар ҳам учраб турмоқда.

Яқинда ҳам вилоятимизда бир гуруҳ шахслар қалбаки пул маблағларини муомала киритиришини мақсад қилган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан тўхтатилган ва уларнинг иши судда кўриб чиқилди. 

Аниқланишича, Абдуллаев Хасан Бердиевич (исм-фамиялияси ўзгартирилган) қалбаки пулларни ўтказишни мақсад қилиб, 2020 йил 01 октябрь куни ўзининг жиноий шериги Давлатов Бекзод Зоирович (исм-фамиялияси ўзгартирилган) ҳамда дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган Қирғизистон Республикаси фуқароси бўлган “Хожи” исмли ва бошқа номаълум шахслар билан бир гуруҳ шахс бўлган ҳолда ўзаро жиноий тил бириктириб, Ж.Юлдашевга ўзларининг жиноий ҳаракатларини сир тутиб, унинг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасида Фарғона вилояти, Фарғона шаҳридаги метан газ қуйиш шаҳобчасини олдига боришиб, “Хожи” исмли шахснинг “Жафар” исмли одамидан 8.000 АҚШ доллар эвазига қалбаки 200 дона 100 АҚШ долларлик купюрадаги жами 20.000 АҚШ доллари миқдоридаги жуда кўп миқдордаги пулларни сотиб олиб, ушбу қалбаки пулларни “Нексия” русумли автомашина орқа салонининг том қисми билан орқа ойнаси туташган жойига яшириб қўйиб, ушбу қалбаки пулларни келажакда ўтказиш мақсадида соат 23:30ларда Тошкент вилояти Бекобод шаҳридан Сирдарё вилояти Ширин шаҳри йўналиши бўйича ҳаракатланиб келишаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан фош этилган.

Суд, мазкур жиноят иши юзасидан мавжуд далиллар ва гувоҳлар кўрсатмалари ҳар тарафлама, синчиклаб текшириб, айбдорларнинг шахсини, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, қалбаки пулларни ўтказиш жинояти охирига етказилмай, салбий оқибатлар олди олинганлигини инобатга олиб Х.Абдуллаев ва Б.Давлатовларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,176-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 4 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Иш бўйича далилий ашё тариқасида олинган қалбаки 20.000 АҚШ долларини тегишли тартибда йўқ қилиш белгиланди.

Хулоса ўринида айтиш керакки айбдорлар фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳалол даромад топиб, бола-чақасини камолини кўриш мумкин эди. Бироқ улар эғри  йўл танлаб, қинғир ишга қўл уриб, вақтнинг муайян қисмини панжара остида ўтказадиган бўлдилар.

Бахтиёр Мамадаминов,
Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси