Янги корхона очиш бўладими, давлат рўйхатидан ўтишми, кредитлар олишми, бухгалтерия ҳисоботларини юритишми, фаолиятини юритиш учун жой бўладими, хуллас барча масалаларда Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси тадбиркорлар ва бу соҳага эндигина кириб келаётганларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Бухоро вилоятидан Сирдарё туманига келиб, яқинда иш фаолиятини бошлаган Фурқат Ҳусайинов умумий овқатланиш шохобчасини йўлга қўйиш учун жой топишда муаммога дуч келган эди. Сирдарё тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан жой ажратилиб, зарур ҳужжатларни олишда кўмаклашилди. Бугун тадбиркор лаззатлари таомлари билан эл хизматида.

Сирдарё туманининг чекка ҳудудлардан бирида 12 гектар майдонда кенг тармоқли логистика марказини ишга тушириш ҳаракатларини бошлаган “Малика-Бунёд” МЧЖга ҳам яқиндан зарурий маслаҳат ва кўмаклар берилди.

— Ишимни ташкил қилишим учун жой қидириб юрганимда бу ерни менга Сирдарё тумани давлат солиқ инспекцияси таклиф қилди, — дейди “Малика-Бунёд” МЧЖ раҳбари Маҳмуд Ҳайдаров. — Улар солиқ билан боғлиқ ҳамма масалаларда ўз ёрдамларини аяшмаяпти. Яқинда логистика марказини тўлиқ ишга тушираман. Келгусида эса иссиқхона ва балиқчилик хўжалигини ҳам йўлга қўяман. Натижада 98 та иш ўрнини яратилади.

Янгиер шаҳрида қандолат маҳсулотлари билан шуғулланиб, халқнинг дастурхонини ширинликлар билан тўкин қилаётган “Муштарий бискуит” корхонасини узоқ пайт фаолиятни кенгайтириш учун кредит маблағини олиш масаласи қийнаб келган эди. Янгиер шаҳар давлат солиқ инспекцияси кўмагида корхонанинг муаммоси ўз ечимини топди.

— Илгари қўл меҳнати билан икки нафар ишчи кучи ёрдамида қандолат маҳсулотлари тайёрланар эди, — дейди корхона ишчиси Ёрқиной Комилова. — Шу боис ишимизни ривожлантиришда қийналардик. Солиқ органлари кўмагида 70 млн. сўм кредит маблағи олиб, керакли асбоб-анжомларни харид қилдик. Корхонамиз иши осонгина жадаллашиб, мижозларимиз сони кўпайиб бориши билан ишчи кучига талаб сезиларли даражада ортди. Иш ўринларини кўпайтириб, ҳозирда 20 нафар аёлни банд қилдик.

Оқолтин туманида яшовчи Матлуба она ҳам ўз яшаётган уйида тикув корхонасини ташкил этиб, Оқолтин тумани давлат солиқ инспекцияси кўмагида 30 нафар аёлни иш билан таъминлашга эришди.

Гулистон туманида халққа маърифат улашиш, шу орқали шахсий бизнесини йўлга қўйган Нодира ҳам солиқ органлари хизматидан мамнун.

— Фаолиятимни бошлаганимда солиқ ҳақида тушунчага эга эмас эдим, — “Нодира нур” МЧЖ раҳбари Нодира Муҳаммедова. Солиқ хизмати ходимлари солиқ турлари ва солиқ ҳисоботлари ҳақида тушунчалар беришди. Энг муҳими ўтган йили ижтимоий солиқ ставкасининг 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириб берилгани менга катта кўмак бўлди. Ҳисобимда тежаб қолинган 11 фоиз пул маблағимни янги хизматларни жорий қилишга сарфладим.

Тадбиркор рағбатлантирилгани сари ишлашга интилаверади. Давлатимиз томонидан бизнесни ривожлантиришга берилаётган бундай эътибор уларни янада руҳлантириб, янгидан-янги лойиҳаларни амалга ошириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини яхшилаш, давлат бюджетининг бойишига муносиб ҳисса қўшишга ундайди.

Ҳусан ИСОҚУЛОВ,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бош инспектори