Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинидаги даволаш сифати ҳақида гап кетганда, албатта муносиб шарт шароит ва кадрлар масаласи кўз ўнгингизга келади.
2020 йилнинг 6  ноябрида  Президент  Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда ҳам бу  масалага алоҳида эътибор қаратилган эди.

Шунга асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан режа-дастур ишлаб чиқилиб, Олис, чекка  ҳудуд аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва уларга хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимларни малакасини ошириш мақсадида республикамиздаги кўзга кўринган давлат тиббиёт муассасаларининг олий тоифали малакали мутахассислардан ташкил топган гуруҳлар шакллантирилиб,  аниқ белгиланган график асосида вилоятларга хизмат сафарига юборилмоқда.

Улар олис, чекка ҳудудларда аҳоли саломатлик кўрсаткичларини текшириб, амалий ёрдам бериб қолмай, ҳудуддаги тиббиёт ходимларга маҳорат дарсларини ўтаб, улар тажрибасини ортишига кўмаклашмоқда.

Куни кеча, Сирдарё вилоят  дерматовенерология ва косметология  диспансерига Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг дерматология стационар бўлими мудири, Сирдарё вилоят бўйича куратори  Сарвар  Бегумқулов бошчилигидаги врачлар, врач-лаборантлар келишганди.

Улар икки кун мобайнида вилоятдаги, вилоят дермотовенерология ва косметология диспансерида бўлишиб, тери-таносил касалликлар билан боғлиқ муаммоларни Сирдарёлик мутахассисларнинг ҳамкорлигида ўрганишди. Касалликка чалинган беморларга маслаҳат ва амалий ёрдам бериб қолмай, соҳа ходимларига маҳорат дарсларини ўтади.

Ҳудудларда диспансерни ҳудудий бўлимларини ташкил этиш, уларда ҳам телемедицина алоқаларини йўлга қуйиш, янги замонавий даволаш усулларини амалиётга татбиқ қилиш борасида ташкилий-услубий ва илмий-амалий ёрдам бериш борасида Сирдарёлик тиббиёт ходимлар билан келишиб олишди. Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази билан Сирдарё вилоят дерматовенерология ва косметология  диспансери ўртасида тузилган ҳамкорлик битимлари  шу билан тўхтаб қолмайди.

Телемедицина соҳаси вилоятда йўлга қўйилгандан сўнг Сирдарёлик тиббиёт ходимлар пойтахтлик мутахассислар билан бир вақтда маслаҳатлашиб касалликка чалинган беморларга ёрдам бериши билан бирга, аниқ ташхис қуйишмоқда. Бу эса беморларни ортиқча вақт ва ортиқча маблағ сарфлаб юришига чек қуйиб қолмай,  республикамиздаги муассасаларга сабаб ва бесабаб вақт йўқотиб  боришини олдини олишга ёрдам бермоқда.

Ғулом ПРИМОВ,

сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати