Пойтахтимизда старт олган енгил атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионатининг биринчи кунги баҳслари Сирдарё вилояти терма жамоаси учун муваффақиятли якунланди.

Кечаги кунлардаги баҳсларда сирдарёлик спортчи қиз Сафина Садуллаева баландликка сакраш йўналишида «Токио-2021» нормативини бажаришга муваффақ бўлди.
Ушбу йўналишда аёллар тоифасининг нормативи 1,96 метрни ташкил этади.

Сафина Садуллаева тажриба бобида ўзидан анчайин устунроқ бўлган Олимпияда мусобақалари иштирокичиси, Халқаро мусобақалар ғолиблари Светлана Радзивил ва Надия Дусанова каби спортчилардан устун келди ва мусобақа ғолиблиги қатори Олимпиада йўлланмасини деярли нақд қилди. Ушбу тажрибали спортчи қизларимиз 1,87 метрни «ишғол қилганди».

Маълумот учун, Сирдарё вилояти спортчилари орасида Токио Олимпиадаси йўлланмалари сони 3 тага етди. Бугунга қадар пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича Сервер Ибрагимов ва академик эшкак эшиш бўйича Шохбоз Холмирзаевлар лицензияни қўлга киритган эди, деб хабар беради Sxabar.uz