Эмланаётган фуқаролар аввал кўрик хонасига кириб, соғлиги тўлиқ назоратдан ўтказилди, кейин эмлаш хонасида коронавирусга қарши эмлаш амалга оширилиб, кейинги – кузатув хонасига олиб кирилди.

- Ўтган йили коронавирус хасталигига чалиндим, - дейди "Боғишамол" маҳалласида истиқомат қилувчи 85 ёшли Ким Галина. – Енгил ўтказдим, шунинг учун уйда даволандим. Поликлиника шифокорлари соғлигимни назорат қилиб туришди. Вирусга қарши вакцина олишга биринчилардан бўлиб келдим.

- Поликлиникамизда бир кунда 50 нафарга яқин аҳолини эмлаш учун шароитимиз бор, - дейди Кўп тармоқли марказий поликлиникада бош врачи. – Ҳудудимизда 4 мингдан зиёд 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли рўйхатга олинган. Монелиги бўлмаган, яъни иситма қилмаётган, сурункали хасталиги хуруж қилмаган, аллергик реакция кузатилмаган фуқароларгина эмланиши мумкин. Кўрик хонасида ҳар бир фуқаро тўлиқ врач назоратидан ўтгачгина эмлаш хонасига олиб кирилади.

Айни пайтда вилоятда 96 та эмлаш пунктлари, 11 та ҳудудий туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналари, улардаги совуткичлар 3-4 тадан, электрогенераторлар, термосумкалар ва термоконтейнерлар шай ҳолатга келтирилган.

Эмлаш ишларини амалга ошириш учун 96 та эмлаш пунктларига 96 та қўшимча хона ва 84 та мобил бригадалар ташкил этилган. Соғлиқни сақлашнинг бирламчи тиббий бўғини ходимлари, эмлаш жараёнида қатнашадиган 113 нафар врач ҳамда 247 нафар ўрта тиббиёт ходимлари махсус дастур бўйича ўқитилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати