Янги Ўзбекистон бутунлай янги имкониятларини намоён этмоқда. Давлат ижтимоий ҳаёт томирларига кириб бормоқда. Ижтимоий давлат тушунчаси реал воқеликка айланмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасиёқ янги Ўзбекистон давлатининг бутун кўламини, мазмунини, моҳиятини ўзида ифода этади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон – мустақил, суверен, ҳуқуқий, демократик, ижтимоий давлат.
Ижтимоий давлат тушунчаси уни ташкил этган ҳар бир фуқаро тақдирини, бугуни ва истиқболини, ҳар бир оила муҳитини, унинг қадриятий жиҳатларини ўзида мужассам этади. Ижтимоий давлат тушунчаси инсон – ижтимоий ҳодиса тамойилига асосланади. Зотан, ҳар бир инсон алоҳида ва бетакрор олам, ўз мақсади, орзуси, ҳаётий ақидаси, қарашлари орқали бир-бирига боғлиқ ва одамлар ўзаро ҳамжиҳатлигини тақозо этадиган ижтимоий ҳодиса. Давлат ана шу моҳиятни ўзида ифода этса, у чинакамига халқчил, халқ учун яшайдиган, халқнинг орзу-мақсадларини ўзида ифода этган қудратли воситага айланади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги феноменал жиҳатлари юқоридаги хулосалар билан боғлиқ. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ўзининг ўта халқчиллиги, самимийлиги, инсонпарварлиги орқали ижтимоий давлат феноменига айланади. Ким бўлишидан қатъи назар ҳар қандай фуқаро билан дилдан суҳбатлаша оладиган, ўзининг буюк мақсадларини оддий одамлар турмуш тарзи, уларнинг бахтли-саодатли ҳаёти орқали тушунадики, бу жамиятда соғлом маънавий-руҳий вазиятни вужудга келтиради. Натижада умуммиллий соғлом кайфият вужудга келади.
Аслини олганда давлат тушунчаси бошқарув, таъсир ўтказиш, ташкил этиш, куч ишлатиш моҳиятига эга. Бироқ давлат раҳбарининг феъл-атвори, унинг инсоний олами, маънавий ва ахлоқий дунёси давлат қиёфасини белгилайди. Ҳар бир давлатга унинг раҳбари орқали баҳо берилади. Айни у орқали давлат жонли организмга, қадриятий жиҳатларга эга бўлади. Ана шу жиҳатдан қараганда янги Ўзбекистон давлати Президент Шавкат Мирзиёев тимсолида ғоят самимий, адолатли, меҳр-мурувватли, айни пайтда ўта қатъиятли, ҳар бир сўз, хатти-ҳаракат ва фаолият учун аниқ жавобгарлик туйғуси намоён бўлади. Бу ҳаммамизнинг, ҳар биримизнинг ютуғимиз.
Очиқлик, ошкоралик, фаолиятга танқидий ёндашув, камчилик ва нуқсонларга дадиллик билан муносабат билдириш, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилиши давлат раҳбарининг зукколиги, ҳозиржавоблиги ва қатъиятлилигидан далолат беради.
Узоқ йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, жамиятда мавжуд камчилик ва нуқсонларни ошкоралик билан очиб ташлаш ва уни бартараф этиш чораларини кўриш давлат раҳбаридан алоҳида қобилиятни, журъатни ва қатъиятни талаб қилади.
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда қилинган ишлардан кўра қилинмаган ишларнинг кўлами кенг бўлади. Ана шундай шароитда, одамлар кайфиятида баъзан кутилмаган ўзгаришлар содир бўлади. Кимлардир лоқайд, бефарқ, тайёрига айёрлик иллатларига учрайди. Яна кимлардир худбинлик, манфаатпарастлик, порахўрлик касалига учрайди. Баъзилар ахлоқий таназзул, маънавий ўпирилишлар ҳолатига тушади. Айрим ҳолларда ўрта бўғин раҳбарлари ислоҳотлар шиддатига жавоб бера олмайди. Уларнинг айримларида бошқарув тажрибаси, касбий маҳорат етишмаса, бошқалари “Худо берди, фойдаланиб қолай” қабилида мансаб ваколатидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишга ўтиб олади. Яна бир хиллари шунчаки вақт ўтказиб, лоқайдлик, бефарқлик билан вақтни ўтказади. Яхшиямки, асосий кўпчилик ислоҳотлар моҳиятини чуқур англайди. Уни қўллаб-қувватлайди. Бош ислоҳотчи атрофида бирлашиб, умумий сафарбарлик намуналарини кўрсатади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига сафари янги Ўзбекистон ижтимоий давлатининг ўзига хос қудратини яна бир бор намоён этди. Давлатимиз раҳбари вилоят бўйлаб сафарда қатор саноат ва қишлоқ хўжалик корхоналарида, фермер хўжаликларида бўлди. Амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар натижалари билан танишди ва истиқбол билан боғлиқ фикрларини баён этди: “Олдимизда ҳали етти йил бор, бу ишларни эртага ёки кейинги йилдан бошлаймиз деган вазир ёки ҳоким қаттиқ адашади. Чунки одамларимиз сайловолди дастурларида кўтарилган ҳар бир ташаббус бўйича аниқ натижаларни бугундан кутаяпти. Агар энг юқоридан тортиб маҳаллагача иш услуби ўзгармаса, барча даражадаги раҳбарлар “Ҳар бир янги кун – янги имконият” деб ишлашга ўрганмаса, вақтни бой берамиз”, деди.
Дарҳақиқат, инсон умри ва давлат ҳаёти учун вақт ҳар нарсадан қиммат. Ўтиб кетган вақтни қайтариб бўлмайди. Ислоҳотлар жараёнида ҳар бир кун ғанимат, ҳар бир кун янги имконият. Бу ташаббускорлик ва янгидан-янги ғоялар билан яшаб, уни реал воқеликка айлантириш имконияти.
Давлатимиз раҳбари мавжуд камчиликларни очиб ташлади. Жумладан, Фарғона шаҳрида ўтган йилнинг олти ойида бор йўғи 25 миллион доллар инвестиция киритилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида атиги 12 миллион доллар жалб этилган. Бир қатор туманларда аҳвол кўнгилдагидек эмас, саноат салоҳияти етарли даражада ишга солинмаяпти, мавжуд имкониятлардан фойдаланилмаяпти.
Жорий йилнинг биринчи ярмида саноат ҳажми Тошлоқда 17 фоизга, Қўқонда 3, Олтиариқда 1,3 ва Қувада 1,2 фоизга камайган. Вилоятда қурилиши режалаштирилган 212 уй-жойдан 42 тасигина фойдаланишга топширилган. 2022 йилнинг олти ойида фаолиятини тўхтатган корхоналар сони 2500 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 14 минг 500 тага етган. Давлатимиз раҳбари бундай лоқайдлик ва сансоларликка қатъий барҳам беришни талаб қилди.
Ҳар қандай ислоҳот остида инсон манфаати ётади. Унинг тақдири фаровон ва саодатли ҳаёти, фарзандларининг истиқболи ислоҳотлар самараси билан боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев сиёсий қарашларида ҳамма нарса инсон учун, инсон ҳамма нарсадан улуғ тамойили устуворлик қилади. Жумладан, ана шу эзгу мақсаддан келиб чиқиб “Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик. Янгиланган Конституциямизда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий ва ижтимоий давлат эканлигини муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз адолат ва қонун устиворлигнини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш”, деб алоҳида таъкидлади.
Қонун устуворлигига эришиш, ҳар бир фуқаро ҳаётининг дахлсизлиги, тинчлиги ва барқарорлиги ижтимоий давлатнинг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Бу тамойилларни амалга ошириш учун кейинги 2 йилда ҳуқуқ-тартибот фаолиятига оид 10 та қонун, Президентнинг 40 га яқин фармон ва қарори, 60 дан ортиқ ҳукумат қарори қабул қилинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса, ички ишлар ҳодимларининг ойлик маоши кескин оширилди ва кўплаб имтиёзлар берилди. Шунга қарамай жорий йилнинг олти ойида турли қонунбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиши мумкин бўлган ҳолда 12 мингга яқин жиноят содир этилган. Мамлакатимизда мавжуд 10 мингга яқин маҳалланинг 1500 тасида криминоген вазият мавжуд. Бу жамият барқарорлигига, фуқаролар ҳаёти дахлсизлигига жиддий таъсир кўрсатадиган хатарли ҳолатлардир.
Кузатишларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, жамиятда қандайдир ахлоқий ва маънавий чекинишлар ҳолати чуқурлашиб бормоқда. Айрим одамлар ўзини ўзи бошқаролмаяпти. Руҳий мувозанатини йўқотган ҳолатда жиноят содир этмоқда. Бу шарқона тушмуш тарзи, ўзбекона ахлоқий қадриятлар ғоят ночор аҳволга тушганини кўрсатмайдими?
Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида 257 та вояга етмаган қизни зўрлаш ҳолатлари рўйхатга олинган. Бу шикоят қилганларнинг ва жиноий иш қўзғатилганларнинг ўзигина холос. Шикоят қилмаган ёки ўзининг мойиллиги бўлган ҳолатда содир бўлган бундай ғайри ахлоқий ҳолатлар кўлами қанча экан? Биз қаёққа боряпмиз?
Президент Шавкат Мирзиёев турли жиноятчиликларнинг асосини жамият ахлоқий, маънавий ва руҳий ҳолатида кўради. Криминоген ҳолатлар илдизини қидиради. Давлат раҳбарининг ахлоққа доир сиёсати Президент сифатидаги сиёсий ахлоқ концепциясини белгилайди. Сиёсий ахлоқ бевосита бошқарув маданияти, раҳбарлик одоби, миллат ва давлат шаъни билан боғлиқ бўлган миллий орият ва миллий нафсоният билан боғлиқ бўлган ғоятда кенг миқёсли ҳодиса даражасига кўтарилади. Дарҳақиқат, қайси жамиятда раҳбар одоби кучли бўлса, унда файз, барака ялпи жамиятнинг умумий кайфияти соғлом бўлади. Натижада сиёсий ахлоқ ахлоқий сиёсатнинг таянчига айланади. Бу бевосита шарқона бошқарув маданияти, бир неча минг йиллик давлатчилик тажрибаларимизнинг замонавий цивилизация шароитидаги янги кўриниши сифатида кўзга ташланади.
Ана шу ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқиб, Шавкат Мирзиёев кенг миқёсли ислоҳотлар жараёнида оила мустаҳкамлиги, оила муҳитининг соғломлиги, ота ва онанинг фарзанд тарбияси билан боғлиқ мажбуриятлари муаммоларига алоҳида эътибор билан қарайди. Оилавий низолар, аёллар жиноятчилиги ҳолатларига алоҳида эътибор беради. Ижтимоий-маиший муаммоси бор оилалар билан алоҳида, доимий ва узлуксиз ишлаш давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси бўлиб қолишини ҳамиша таъкидлайди. Дарҳақиқат, оила – кичик давлат. Бошқача қилиб айтганда, оила – макродавлат ичидаги микродавлат. Ҳар бир оиланинг ўз тарбиявий муҳити, яшаш қонуниятлари, талаблари ва эҳтиёжлари бор. Бу қонуниятлар, талаблар ва эҳтиёжлар, албатта, умуммиллий ва умумижтимоий манфаатлар билан уйғун бўлиши лозим. Ана шундагина бутун жамият соғлом ва баркамол бўлади. Бу – осон иш эмас. Чунки ҳамма оиладаги маънавий, ахлоқий ва руҳий муҳит бир хил эмас. Уни мувофиқлаштириб турадиган, назоратга оладиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Шу мақсадда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Оғир ҳаётий аҳволга тушган, кам таъминланган, хусусан, тарбиявий ва ахлоқий жиҳатдан муаммоси бор оилалар билан алоҳида ишлаш, улар билан шуғулланиш мақсадида “Ижтимоий хизмат иши” йўлга қўйиладиган бўлди. Криминоген оилалар билан алоҳида ишлайдиган, “Хавфсиз оила” тамойили асосида фаолият юритадиган тизим йўлга қўйилади.
Инсониятнинг бир неча минг йиллик тараққиёти шундан далолат берадики, ҳар қандай цивилизациянинг асоси – маънавият! Ҳар қандай цивилизациянинг таназзули – ахлоқсизлик! Бу бевосита минг йилликлар мобайнида синовдан ўтган ҳодиса.
Президент Шавкат Мирзиёев вилоятларда, шаҳар ва қишлоқларда бўлганида тўғридан тўғри хонадонларга кириб боради. Серфарзанд ва сердавлат оила аъзолари билан суҳбат қуради. Уларнинг дастурхони атрофида ўтириб, мақсадлари ва муаммолари билан танишади. Албатта, маҳалла, жамият ва унинг истиқболи атрофида фикр алмашади, ўртоқлашади.
Эсимда бор. Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланган дастлабки йилларда Андижон вилоятидаги маҳаллаларнинг бирида бўлганида болаларга эътибор, уларни доимий назоратга олиш, ёшлар тарбияси ҳаммамизнинг умуммиллий ишимиз эканини алоҳида таъкидлаган эди. Жумладан, “Бу бола меники эмас, қўшниники, Андижонники эмас, Хоразмники деган фикрга бормаслигимиз, у бола Ўзбекистонники эканлигини унутмаслигимиз лозим”, деган эди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон бизнинг умумий уйимиз. Ўттиз олти миллионли улкан хонадонимиз. Унда яшаётган ҳар бир бола ҳаммамизники. Унинг тақдири, қандай одам ва ким бўлиб вояга етиши бизга боғлиқ. Уларнинг бахтли-саодатли ҳаёти, тақдири учун жавобгармиз. Бу – ўзбекона тарбиянинг ўзгинаси. Бу – сиёсий ахлоқ ва ахлоқий сиёсатнинг муштарак кўриниши. Қолаверса, бу азалдан аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган тарбия тамойиллари. Зотан, ота-боболаримиз минг йиллар мобайнида бола кимлигидан қатъи назар унга бефарқ бўлмаган. Ҳар бир бола алоҳида эътиборда бўлган. Бола ва унинг ота-онаси фазилатлари учун раҳмат эшитган, иллатлари учун танбеҳ берилган. Тарбияси оғир, юриш-туриши хавфли, эътиқоди заиф ёшлар билан бутун маҳалла шуғулланган. Бир оилада ножўя гап чиқса, маҳалла учун иснод деб билишган.
Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган турли ножўя маълумотлар, ахлоқсиз роликлар ўсмирлар ва ёшлар онгига жиддий салбий таъсир этмоқда. Енгилтак турмуш тарзини тарғиб қилмоқда. Бу замонавий цивилизация шароитида миллатлар йўқ қилинишининг осон ва самарали усули бўлиб қолди. Миллий қадриятлардан узоқлашиш жараёни давом этмоқда. Бундан қаттиқ таъсирланган атоқли рус шоири Евгений Евтушенко бир пайтлар рекламалар, беҳаё клиплар ва санъатдаги тутуруқсиз ҳолатлар ҳақида чуқур изтироб билан гапирган эди. Жумладан, “Табиат зилзилалар, қўрқинчли сув тошқинлари билан бизга таҳдид қилади. Бироқ бу қўрқув ва таҳдидлар газета ва журналлар, телевидение орқали ёпирилиб келаётган мажруҳ рекламалар таҳдиди олдида ҳеч нарса эмас. Ҳар қандай реклама фалсафаси йўқ одамнинг фалсафасига айланди. Клиплар эса сайёрамизнинг бош имижмейкери мақомини эгаллади. Бугун Майкл Жексон Шекспирдан кўра машҳур. Россия ёшлари орасида поп қўшиқчи Киркоровнинг машҳурлик даражаси Чайковский, Толстой ва Солженицининг қўшиб олгандаги машҳурлигидан ҳам ошиб кетди”, деган эди. Бу изтиробнинг тагида жуда катта миллий дард, миллий изтироб, айни дамда аччиқ ҳақиқат ётади. Чунки бугунги ёшлар енгилтак қўшиқчилар ва енгил фикрлайдиган одамлар ортидан қувадиган ва уларга тақлид қиладиган бўлиб қолган.
Тобора кенг тарқалаётган бемаъни қўшиқлар, ярим яланғоч рақслар, ўғринча мусиқалар, енгилтак, ахлоқсиз ҳаётни тарғиб қилиш воситасига айланди. Бу, айниқса, аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғини ёшлар ва болалар ташкил этадиган Ўзбекистондай болажон мамлакатда ғоят хатарли, миллат истиқболига таҳдид солувчи ҳодиса эмасми? Айни шу санъат ниқобидаги турли эротик роликлар ва фаҳш билан боғлиқ бўлган клиплар ёшлар, айниқса, ўсмирлар қалбига жиддий салбий таъсир этмоқда. Улар онгини осонлик билан заҳарламоқда.
Аслини олганда террорчилик, камикадзелик ҳолатлари ҳақида кўп гапирамиз, бунга эҳтиёж ҳам бор. Зотан, бугунги дунё айни шу тажовузкор ҳодисадан жабр кўрмоқда. Буюк қадриятлар топталмоқда. Инсоният ҳаётига мисли кўрилмаган таҳдид солмоқда. Бироқ жисмоний ҳаракат, феъл-атвор ва интилишлар билан боғлиқ бўлган, қандайдир манфаатларни ўзида мужассам этган бундай ҳолатларга қақшатқич зарба бериш мумкиндир. Лекин бутун миллатни буюк тарихидан, улкан маданий меросидан айириб, миллий анъаналари, маданияти ва қадриятларини бузиб юбориш орқали таназзулга даъват этишдек маданий террорнинг баҳоси қанча? Унинг ўлчови, меъёри, кўлами борми? Бу жиддий масала.
Юқорида келтирилган жинсий зўравонлик, вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиши сингари ўта оғир ва шармандали ҳолатлардан тортиб, экстремизм, радикализм таъсирига берилаётганларигача, порахўрлик, коррупциядан тортиб, бефарқлик, лоқайдлик, “сен менга тегма, мен сенга тегмай” қабилидаги тамойилларигача қатор иллатларининг бориши миллий инқирозга олиб келади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳуқуқ органлари фаолиятидан норозилиги, улар олдида қўяётган долзарб талаблари ана шу ижтимоий муаммодан келиб чиқмоқда. Бир йиғилишнинг ўзида 15 та ички ишлар бўлими бошлиғи, 5 та прокурорнинг вазифасидан озод этилиши сиёсий ахлоқ ва ахлоқий сиёсатнинг ёрқин кўринишидир.
Янги Ўзбекистон ижтимоий давлати ҳар бир фуқаро қадру қиммати билан, шаъни, унинг бахтли, саодатли ҳаёти билан боғлиқ бўлган маънавий баркамол, ғоявий етук, сиёсий ахлоқнинг ахлоқий сиёсат билан синтезлашиб бораётгани унинг давлат сифатидаги феноменидир. Зотан, бизнинг, жамиятимизнинг, давлатимизнинг ягона ва бирдан бир халоскори ахлоқ! Унга куч, рағбат, ирода ва ташаббускорлик туйғусини бахш этадиган ягона ва бирдан бир манба – маънавият!
Оқил САЛИМОВ,
академик.