Ватан – халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Ватан – муқаддас қадрият. У она каби азиз ва мукаррамдир. Тараққиёт ҳам ватандан бошланади.

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимизнинг салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш мақсадида “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан хориждаги ватандошлар учун турли лойиҳалар, кўрик-танловлар ташкил этилмоқда.

Фонд томонидан “Сиз Ўзбекистонни биласизми?” халқаро онлайн викторинаси II мавсум ғолибларининг Ўзбекистонга таклиф этилиши улар учун ҳақиқий байрамга айланди.

Мазкур викторина фақатгина хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар учун ташкил этилиб, “Ватандошлар” жамоат фондининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (www.vatandoshlarfondi.uz) орқали ўтказилди.

Иштирокчилар Ўзбекистон тарихи, ўзбек адабиёти, ижтимоий-сиёсий жараёнлар, Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар тўғрисидаги тест саволларига жавоб бериб, ўз фаолияти ва Ўзбекистон учун манфаатли таклифларга бағишланган баёнларни платформага жойлаштиришди ҳамда энг юқори балл тўплаган ватандошлар суҳбат жараёнларига таклиф этилди.

Викторинанинг II мавсумида иштирок этиш учун 233 нафар ватандошлар рўйхатдан ўтиб, улардан 23 нафари тест ва баён шартларини тўлиқ бажарган. Жорий йилнинг 4 август санасида иккинчи босқич суҳбатга таклиф этилган 23 нафар иштирокчилардан 20 нафари суҳбат жараёнларида қатнашди ва хорижий мамлакатлардан энг юқори балл тўплаган 10 нафар (Япония, Хитой, Корея, Португалия, Нидерландия, Италия, Тожикистон, Франция, Россия, Туркия) ватандошлар ғолиб деб топилди. Синов натижаларига кўра, ҳар бир мамлакатдан ғолиб деб топилган бир нафар ватандошлар “Ватандошлар” жамоат фонди ҳомийлигида Ўзбекистонга таклиф этилди.

Ўзбекистон бўйлаб дастурнинг биринчи куни Тошкент шаҳрида бўлди. Дастур давомида ватандошлар Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Тошкент шаҳридаги Президент мактаби, IT park, Янги Ўзбекистон боғига ташриф буюрди.

 Бундан ташқари ватандошлар Самарқанд, Бухоро, Хивада бўлиб, юртимизнинг бой ўтмиши билан яқиндан танишди.

Дилдора Медетова:

– Франция пойтахти – Париж шаҳрида кўп йиллардан бери оиламиз билан истиқомат қиламиз. Фарзандларимиз шу ерда туғилди. Асли тарихчиман. Сўнги таълимни Франциядаги “Реннес-2” университетининг Халқаро алоқалар йўналишида магистратурада ўқидим. Ҳозирда Франциядаги "Арабе дунёси" институтида фаолият олиб бораман. Мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам таълим соҳасида фаолият олиб борганимиз боис, фарзандларимизга юртимиз тарихи, урф-одатларини нафақат ота-она сифатида, балки мутаҳассис сифатида ҳам яхши тушунтира оламиз. Улар юртимизнинг тупроғи, нони, ҳавоси, қуёши, қўйингки, ҳатто одамлари бизга азизлигини яхши англайди. Ҳар иккимиз учун ҳам фарзандларимиз, маданиятимиз, қадриятларимизни билиб, кундалик турмушида ўзлигига, ўзбеклигига хос тутиши жуда муҳим. Лекин мен тарихий Бухоро, Хивада олдин бўлмаганман. Бу сеҳрли жойлар мени қайта-қайта ўзига ром этди. Шу қадар бой тарихимиз борки, ҳатто ўтган асрларда бунёд этилган бинолар олдида ҳеч қайси мамлакатнинг бинолари тенг келолмайди. Дастур давомида Франциядаги ҳамкасбларимга тассуротларимни мунтазам юбордим. Улар ҳам албатта Ўзбекистонга келиши кераклигини таъкидлашди. Замонавий муассасаларни айтмаса ҳам бўлади. Тошкент шаҳридаги Президент мактабидаги болалар яратилган шарт-шароитлар, айниқса, мени лол қолдирди. Ҳатто менинг фарзандларим хорижда махсус мактабда ҳам бунчалик шароитда ўқимайди.

 

Уфора Хабибуллаева

“Ватандошлар” жамоат фонди

Ахборот хизмати раҳбари