Жорий йилнинг 15 августида Россиянинг Сочи шаҳрида профессионал бокс бўйича ўтказилиши кутилаётган рейтинг жангларига ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари, жумладан, 2016 йилги олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби Рустам Тўлаганов ярим оғир вазнда (79 кг) WBC International камари учун 10 раундлик жангда россиялик Сергей Екимовга қарши рингга кўтарилиши лозим эди.
Рустам Тўлагановнинг ушбу жангда иштирокини сўраб, Россия бокс федерацияси раҳбарияти расмий таклифнома билан мурожаат этган, Ўзбекистон бокс ва профессионал бокс федерацияларининг билдириши асосида Рустам Тўлагановнинг Россиядаги профессионал бокс баҳсларида қатнашишига Ўзбекистондаги махсус комиссия томонидан рухсат ҳам берилганди.
Бироқ Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси бош котиби Бекзод Солиевнинг айтишича, сўнгги паллада Сочи мусобақалари ташкилий қўмитаси Тўлаганов – Екимов учрашувини номаълум муддатга қолдирганлигини билдириб, шу боисдан Ўзбекистон бокс делегациясининг Россияга келишини савол остида қолдирди.
Рустам Тўлагановнинг ярим оғир вазнда (79 кг) WBC International камари учун россиялик Сергей Екимовга қарши жанги энди қачон бўлиши ҳозирча номаълум. Олимпия ўйинларининг совриндори бўлган ҳамюртимиз айни пайтда Тошкентдаги бокс мактабида режа асосида машғулотларни давом эттирмоқда.
Тўлқин РЎЗИЕВ.