Кеча ОФК кубоги минтақалараро яримфиналида Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби ўз майдонида Ҳонконгнинг “Истер” клубини қабул қилди.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, стадионга 10 мингга яқин томошабин келди. Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Учрашувнинг асосий вақти якунланишига беш дақиқа қолганида Шохруз Норхонов ҳисобни очди ва шу ягона гол ҳисобига жиззахликлар кейинги босқичга йўл олди.

Шу тариқа, “Сўғдиёна” ўз тарихида илк марта ОФК кубоги минтақалараро финалига, турнир ярим финалига чиқди. Ярим финалдаги рақиб жамоа номи бугун Ҳиндистоннинг “Моҳун Баган” ва Малайзиянинг “Куала-Лумпур Сити” жамоалари ўртасидаги баҳсда маълум бўлади. 

Бу баҳс ҳам 5 октябрь куни Жиззахда ўтказилади.

Жиззахликлар бу тўсиқдан ҳам ўта олса, ОФК Кубоги финалига чиқади ва  Ғарбий ҳудуд ғолибига рўбарў келади. Ғарбий ҳудудда “Ал-Арабий” (Кувайт),  “Ас-Сиб” (Уммон), “Ист Риффа” (Баҳрайн)  ва “Ар-Риффа” (Баҳрайн) финалга чиқиш учун ўзаро кураш олиб бормоқда.

Ҳозирча финал ўйиннинг санаси ва қаерда ўтказилиши маълум эмас.