Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ОФК кубоги доирасида бир ўйиндан иборат плей-офф баҳси бўлиб ўтди. Унда Хўжанднинг “Хўжанд” ва Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоалари учрашди. Ўйиннинг 13 ва 21-дақиқаларида Жасур Ҳасанов мезбонлар дарвозасини аниқ нишонга олди. 29-дақиқада Шохрух Норхонов ҳисобни йириклаштирди – 0:3.

Иккинчи бўлим якунида эса, Жавоҳир Қаҳрамонов   тўртинчи гол муаллифи бўлди. Шу тариқа, “Сўғдиёна” кейинги босқичга чиқди.

Жиззахликлар навбатдаги босқич – ҳудудлараро плей-офф ярим финалида  Ҳонконгнинг “Истерн” клуби билан баҳслашади. Бу ўйин 6 сентябрь куни Жиззахда ўтказилади.

Агар “Сўғдиёна” “Истерн”ни енгса, ярим финал – ҳудудлараро плей-офф финалида  Малайзиянинг “Куала Лумпур” ва Индонезиянинг “Макассар” жамолари ўртасидаги ўйин ғолиби билан учрашади. Бу ўйин ҳам Жиззахда, 5 октябрь куни ўтказилиши мумкин.

Жиззахликлар бу тўсиқдан ҳам ўта олса, ОФК Кубоги финалига чиқади ва  Ғарбий ҳудуд ғолибига рўбарў келади. Ғарбий ҳудудда “Ал-Арабий” (Кувайт),  “Ас-Сиб” (Уммон), “Ист Риффа” (Баҳрайн)  ва “Ар-Риффа” (Баҳрайн) финалга чиқиш учун ўзаро кураш олиб бормоқда.

Ҳозирча финал ўйиннинг санаси ва қаерда ўтказилиши маълум эмас.