Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ОФК кубоги “E” гуруҳи ўйинлари бўлиб ўтди. Кеча турнинг сўнгги ўйинида Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби Туркманистоннинг “Олтин аср” жамоасини 3:1 ҳисобида енгиб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Учрашувнинг 20-дақиқасида Жасур Ҳасанов ҳисобни очди – 1:0. 48-дақиқада Жавоҳир Қаҳрамонов ҳисобни 2:0га етказди. 60-дақиқада эса Жасур Ҳасанов ўзининг иккинчи, жамосининг учинчи голини рақиб дарвозасига йўллади. Орадан кўп ўтмай, туркманистонликлар фарқни бироз қисқартиришга муваффақ бўлишди – 3:1.
Шу тариқа “Сўғдиёна” Душанбеда ўтган гуруҳ босқичидаги уч ўйинни ҳам ғалаба билан якунлаб, 9 очко жамғарди ва гуруҳ пешқадами бўлди.
Энди жиззахликлар ОФК кубоги “F” гуруҳи ғолиби Тожикистоннинг “Хўжанд” клуби билан кейинги босқичга чиқиш учун кураш олиб боради. Учрашув август ойида бўлиб ўтади.