Коронавирусдан ҳимояланишнинг энг асосий қоидалари — ижтимоий масофа сақлаш, мулоқотдан чекланиш, шахсий гигиенага амал қилиш, ниқоб тақиш, ҳеч ким билан қўл бериб кўришмаслик, қўлларни тез-тез ювиш кабилардир. Булар қатори коронавирус юқишининг олдини олиш бўйича бир қатор муқобил ёндашувлар ҳам мавжуд. Айниқса, бу жараёнда соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ҳар қачонгидан муҳим.  

— Иммун тизими бактерия, вирус, замбуруғ, аллерген, токсин ва бошқа ёт омил ёки ҳужайралар билан самарали курашиши учун биз ҳам унга ёрдам беришимиз лозим, — дейди шифокор-реабилитолог Умида Ҳолиқова. —  Нотўғри овқатланиш, стресс, кам ҳаракатлилик, чекиш, ичиш, уйқунинг сурункали етишмовчилиги, антибиотикларни тартибсиз ичиш иммунитет пасайишига олиб келади. Иммунитетни дори истеъмол қилиш орқали ошириб бўлмайди. Бу ўз устимиздаги тинимсиз меҳнат маҳсули.

Мутахассиснинг фикрига қўшимча қилиб айтиш мумкинки, иммунитетни оширишдаги дастлабки қадам — соғлом овқатланишдир. Ўзбекистон нотўғри овқатланганлик туфайли юқори ўлим даражаси рейтингида 1-ўринда туради. Бу ниҳоятда ачинарли ҳолат. Мамлакатимизда хамирли, шакарли, ёғли овқатлар кўп истеъмол қилиниши, эрталабки ошлар, нонни иссиқ ҳолда тановул қилишни хуш кўришимиз, кўчадан овқатланиш, тез тайёр бўлувчи овқатларнинг оммалашиши муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бироқ бу масалага “Ўлдирса ҳам ош ўлдирсин”, деган маънода панжа ортидан қараб бўлмайди.

— Аввало, рациондаги шакар, тўйинган ёғлар, ун маҳсулотлари, тузни чеклашимиз керак, фаст-фуд, консервантларга бой, дудланган озиқ-овқатлардан воз кечишимиз керак, — дейди шифокор-реабилитолог Умида Ҳолиқова. — Уларнинг ўрнига мева-сабзовотлар, сут ва балиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Айниқса, А, С ва Е витаминларга бой мева ва сабзавотларнинг иммун тизимини яхши ишлашини таъминлашда аҳамияти катта. Бу витаминлар мевалардан апельсин, лимон, олма, киви, сабзавотлардан карам, пиёз, саримсоқпиёз, сабзи, қизил булғор қалампири, кўкатлардан петрушка, арпабодиён, наъматак мевалари ва занжабилда кўп. Ҳозирги шароитда профилактика мақсадида занжабил, саримсоқпиёз фойдаланиш мумкин. Занжабилни тўғраб, лимон қўшиб дамланади. Илиқ холда, таъбга кўра асал солиб кун давомида 3-4 марта ичиш мумкин. Саримсоқпиёз ва пиёз таркибидаги фитонцидлар микробларни ўлдириш хусусиятига эга. Хом ҳолда меъёрда истеъмол қилиш фойдали. 

Шунингдек, стресс — организм хаддан ташқари руҳий зўриқиши иммун тизимига сусайтирувчи таъсир кўрсатади. Руҳий чарчоқ туфайли инсон миясидаги асаб ҳужайралари ўлиб боради, гормонал бузилишлар юзага келади. Соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва соғлом уйқу билан комплекс қўллаб саломатликка эришиш мумкин. Бундай инсонлар   вирусли касалликка чалинса-да, касалликни енгил ўтказади ва тез оёққа туради.     

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ўзимизнинг, қолаверса, яқинларимизнинг, бутун халқимизнинг  соғлиғи — қўлимизда. Коронавирусни биз қатъий интизом, ишонч, тоза қўллар ва соф виждон билан енгиб ўтамиз.

                                                                                                        Санобар ЖУМАНОВА