Ўта тор жинси шимлар

Аёлларнинг энг севимли кийими, албатта, тор жинси шимлардир. Кимдир уни семириб кетмаслик учун кийса, яна кимдир қулайлиги учун кияди. Бугунда ҳар қандай гардеробдан топиш мумкин бўлган тор жинси шимлар соғлиқ учун бироз хавф туғдириши ҳақида ҳам ўйлаб кўриш лозим. Баданга ёпишиб турувчи жинси шимлар танада қон айланишига халақит беради ва натижада қон-томир касалликлари юзага келади.

Баланд пошнали туфлилар

Чурра, бармоқлар қийшайиши, бел ва оёқдаги оғриқлар қаердан пайдо бўлиши мумкин? Албатта, бу доимий равишда ўта баланд пошна туфли кийиш натижасидир. Шунингдек, баланд пошнада куни билан ҳаракатланиш вақт ўтиб, оёқда томирларнинг бўртиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.

Шиппаклар

Айнан шундай кўринишдаги шиппаклар туфайли оёқ ва бармоқлар зўриқади. Бармоқлар доимий ҳаракатда бўлиб, шиппакларнинг чиқиб кетмаслиги учун мускулларни таранглаштиради. Бу эса болдир ва тўпиқларда оғриқларни пайдо қилади. Шунинг учун узоқ вақт кийиш тавсия этилмаган бу каби шиппакларни пляж ёки дам олиш масканларда кийган маъқул.

Сифатсиз заргарлик буюмлари

Сифатсиз ҳамда арзон заргарлик буюмлари қисқа вақт ичида ўз кўринишини йўқотибгина қолмай, балки унинг эгасига ҳам бир қанча зарар етказади. Масалан, терида аллергия, тирнаш, қизариш каби ҳолатларга сабаб бўлади. Шунинг учун саломатликни ортиқча хатарга қўймай, иложи борича сифатсиз буюмлардан чекланишга ҳаракат қилиш лозим.

Кичик ўлчамдаги пойабзал

Чиройли аммо ўлчами кичикроқ бўлган пойабзалларни киядиганлар учун қатъий огоҳлантирув! Бу орқали ташқи кўринишни гўзаллаштириш мумкиндир, аммо бармоқ суяклари ва оёққа батамом зарба берилади. Пойабзал ичида сиқилиб қолган оёқда қон айланиши секинлашади, суяклар қийшайишга мойиллашади ва натижада бир қанча муаммолар келиб чиқади.

Ясси оёқ кийим

Ясси оёқ кийимлар қанча енгил ва қулай бўлмасин, зарарли хусусиятларга ҳам эга. Ушбу пойабзал орқали бел ва оёқда оғриқ кузатилади. Шунингдек, қоматни тик тутишнинг даражаси камаяди ҳамда оёқнинг таг қисми ҳам яссиланади.

 

манба: daryo.uz