Ҳозирда республикамизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар натижалари, ҳудудий органларда соҳани бошқариш, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолияти тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини ошириш, шунингдек, мазкур органлар ва муассасалар фаолиятининг очиқлигини таъминлашга зарурат сезиляпти.
Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига соғлиқни сақлаш органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида«ги Қонун юқорида қайд этилган муаммоларга ечим топиши қайд этиб ўтилди.
Мазкур Қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида«ги Қонунига муҳим қўшимчалар киритиляпти.
Хусусан, Қонунга кўра халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ярим йиллик якунлари бўйича тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг бажарилиши, касалликлар профилактикасининг ҳолати, соғлом турмуш тарзини ва тўғри овқатланишни шакллантириш, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиб боради.
Натижада вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарларининг ҳисоботидан келиб чиқиб, халқ депутатлари Кенгаши томонидан уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади.
Шунингдек, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида«ги Қонунига ҳам фуқаролар йиғинлари томонидан тегишинча аҳоли бириктирилган туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктлари раҳбарларининг соғлиқни сақлашнинг ҳолати ҳамда фуқаролар соғлиғига таъсир этувчи омиллар, шу жумладан, тегишли ҳудуднинг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги ахборотини эшитишни назарда тутувчи ўзгартиш киритиляпти, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Мажлисда савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.