Меморандум Миллий палата раиси Ровшан Изамов ва «Progressive Medical Service» Бош директори Артём Покачалов томонидан имзоланди.

«Progressive Medical Service» МЧЖ Ўзбекистонда Немис Онкология шифохонасини қуриш бўйича лойиҳасини ривожлантириш доирасида шакллантирилган.

Томонлар ҳамкорлик доирасида соғлиқни сақлашнинг долзарб масалалари, тиббий таълим ва тиббий фан, фармацевтика бўйича ҳамкорлик қилиш ниятидалар.

Меморандумни имзолаш маросимида биргаликда халқаро илмий конгресс ва конференциялар, илмий-амалий ва илмий семинарлар, илмий ишлаб чиқариш тадқиқотлар, соғлиқни сақлашнинг долзарб муаммолари бўйича онлайн форумлар ўтказиш имкониятлари муҳокама этилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасига умум тан олинган халқаро стандартлар ва инновацион технологияларни жалб этиш учун чет эл инвестициясини, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш учун эса хорижий мутахассисларни жалб этишни ташкиллаштириш бўйича ҳамкорлик ҳаракати ўзаро манфаатларни уйғунлаштирди.

Учрашув давомида Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва «Progressive Medical Service» қўшма тадбирлари ва лойиҳаларининг «Йўл харитаси»ни тайёрлаш учун ишчи гуруҳ тузиш ҳақида келишувга эришилди, деб хабар беради Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати.