Маълумки, бундан аввал пандемия шароитида Германиянинг энг нуфузли Роберт Кох институтининг малакали эпидемиолог, анестезиолог-реаниматолог, инфекционист каби тажрибали мутахассисларидан иборат гуруҳлар икки марта Ўзбекистонга келди. Делегациялар ташриф давомида коронавирусга қарши курашда юртимиз шифокорларига яқиндан кўмак бериб, уларга керакли тавсиялар берди. Инфекцияга чалинган беморларни даволашда бевосита иштирок этди, тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатди ва ўзаро тажриба алмашди.
Ҳозирги ташриф эса учинчиси бўлиб, бу сафар делегация таркибида Европанинг нуфузли Роберт Кох институтидан ташқари Шарите университет клиникаси вакиллари ва Германиянинг юқори малакали вирусолог, инфекционист, телемедицина бўйича мутахассислари ҳам бор. Бу эса ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяётганидан далолатдир.
Соғлиқни сақлаш соҳаси ривожланган давлатларнинг етакчи тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот марказлари, клиникалари билан ҳамкорлик қилиш масаласига юртимизда катта эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди. Айниқса, Европанинг икки нуфузли тиббиёт маскани бўлмиш Роберт Кох институти ва Шарите университет клиникаси билан ҳам самарали алоқаларни ривожлантириш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш кўзда тутилгани, ушбу делегация ташрифи эса бунга замин яратиши қайд этилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.