A.Хаджибаев делегация аъзоларини юртимизга ташриф буюргани билан қутлар экан, COVID-19 пандемияси пайтида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар муваффақиятли синовдан ўтганлигини таъкидлади. Ушбу давр мобайнида икки давлатнинг тиббиёт соҳасидаги мутахассислари иштирокида жами 200 дан ортиқ видеоконференциялар, онлайн консультациялар, масофавий семинарлар, веб-семинарлар ва тренинглар ўтказилди.

Шунингдек, Россия тиббиёт мутахассисларининг мамлакатимизга бир неча бор ташрифлари уюштирилди. Чет эллик мутахассислар ўзларининг ташрифи давомида карантин чораларини юмшатиш бўйича тавсиялар беришди, COVID-19 билан касалланганларни даволаш протоколларига таклифлар ва мулоҳазалар билдиришди, карантин зоналари ва беморларни даволаш учун мўлжалланган шифохоналарда бўлишди, шунингдек, юртимизда коронавирус инфекцияси билан курашишга жалб қилинган ходимлар учун онлайн консультациялар ўтказишди.

Бугунги кунда бутун дунёда, шунингдек, Ўзбекистон ва Россияда ҳам аҳоли COVID-19 га қарши эмланмоқда. «Спутник V» вакцинасининг биринчи партияси шу йилнинг апрель ойи охирида мамлакатимизга етказиб берилди.

Мулоқот давомида айтилганидек, Россияда малакали профессор-ўқитувчилар меҳнати, ўқув дастурларининг турли туманлиги ва иқтидорли талабалар учун стипендия дастурлари мавжудлиги туфайли тиббий таълим сифати дунёда юқори кўрсаткичлардан бирини эгаллайди. Шу сабабли, Россия билан барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш алоҳида аҳамиятга эга.

2019/2020 ўқув йилида юртимизнинг 9 та тиббиёт олий ўқув юртлари Россия Федерациясининг 12 та тиббиёт олий ўқув юртлари билан биргаликда қўшма таълим дастурларига мувофиқ бакалавриатнинг 6 та йўналиши, магистратуранинг 2 та мутахассислиги ва клиник ординатуранинг 11 та мутахассислиги бўйича ўқитишни бошлади. Тошкент тиббиёт академияси негизида И.М. Сеченов номидаги Биринчи Москва давлат тиббиёт университети билан университетлараро ҳамкорлик маркази очилди.

Юртимизда 2019-2020 йилларда 150 дан ортиқ россиялик мутахассислар иштирокида 36 конференция, 19 вебинар, 7 конгресс ташкил қилинди.

Фақатгина 2020 йилда Россия Федерациясининг етакчи тиббиёт ва таълим муассасаларидан 80 га яқин мутахассислар юқори технологияли тиббиёт соҳасида маҳорат дарсларини ўтказиш ва намойиш этиш учун мамлакатимизга таклиф қилинди. 2019-2020 йиллар давомида Россия Федерациясининг етакчи клиникалари ва тиббиёт марказлари ҳамда ўқув муассасаларида 300 га яқин мутахассисларимиз малакасини оширди.

Учрашув давомида томонлар тиббий таълим, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, онкогематология, жумладан, болалар онкогемотологияси хизмати ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталик, жамоат саломатлиги каби қатор йўналишларда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Тиббий таълим, фан ва амалиётни ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университетининг филиалини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Учрашув якунида юртимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Бу эса Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Делегация сафари давом этмоқда.