Бугун ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиника ҳамширасининг ўз ойлик маошидан 1 фоизини Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти фондига ўтказишга розилиги ҳақида ёзган аризаси тарқалди.
Cоғлиқни сақлаш вазирлиги айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш олиб бормоқда. Ушбу ҳолат нима сабабдан юз бергани аниқлаштирилиб, камчиликка йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли жазо чоралари кўрилиши таъминланади.
Шу ўринда вазирлик тизимда бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик, соҳада фаолият юритаётган ҳар бир ходимнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун керакли барча чоралар кўришини маълум қилади. Қолаверса, соҳада меҳнат қонунчилиги талаблари бузилишига, ходимларнинг иш ҳақидан асоссиз ва мажбурий тарзда турли ушланмалар ушланишига йўл қўйилмайди.
"Ҳурматли тиббиёт ходимлари, агар Сизни мажбурий меҳнатга жалб қилишса ёки иш ҳақингиздан ноқонуний ушлаб қолишса, вазирликнинг 71-241-16-40 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин. Яна бир бор эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коррупцион ҳолатлар ҳамда ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлади", дейилади хабарда.