Мамлакатда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш, ёшлар онгига соғлом турмуш тарзини сингдириш, буни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, спортчи ёшларда Ватанга дахлдорлик, элпарварлик туйғуларини камол топтириш ҳам айни кун талабига айланди.

Гап шу ҳақда кетар экан, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши доирасида амалга оширилган ишларни эслаш ўринли бўлади, албатта. Бу борада Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети томонидан тизимли равишда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Кичик мусобақалардан катта спорт сари йўл

Бешта муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитларни яратиш борасидаги ишлар университетимизда, аввало, спорт, интеллектуал клублар ташкил этишдан бошланди.

“Қувноқлар ва зукколар” клублари сони 10 тага етиб, 500 нафар йигит-қиз қамраб олинди. “Қизларжон” клуби аъзолари сони эса 200 дан ортди. “Заковат” клубида 3 маротаба мусобақа ташкил этилди. 2021 йил февраль ойида университет ҳамда маҳалла ёшлари учун “Шахмат” клуби ташкил этилиб, бугунги кунда унда 200 йигит-қиз “ақл гимнастикаси” билан шуғулланмоқда.

Университетимиз бешта муҳим ташаббус доирасида турли мусобақаларни ташкил этишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 2020-2021 ўқув йилида каратэ, бокс, кураш, оғир атлетика, белбоғли кураш спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионатларига мезбонлик қилди.

“Универсиада-2020” мусобақаларида университетимиз жамоаси 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, 20 нафар талаба-спортчимиз Токио Олимпиадаси ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Албатта, бу каби муваффақиятлар замирида соғлом турмуш тарзи, спорт йўналишидаги ташаббусларнинг ўрни катта. Ёшларимизнинг спортга қизиқиши кучли. Фақат уларни рағбатлантириш, зарур шароитларни яратиш керак. Бешта муҳим ташаббус бу йўлда бизга муҳим дастуруламал бўлди.

Университет маҳаллага кўчди

Президентимиз шу йил 13 апрелда ўтказган йиғилишида яна бир муҳим ташаббусни илгари сурди. Бу – олий таълим муассасаси ва маҳалла ҳамкорлиги.

Ана шу ташаббусни амалга ошириш мақсадида университетга яқин жойлашган 10 та маҳалла билан ишлашни бошладик. Ҳозирда бу маҳаллаларда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни университетда ташкил этилган спорт тўгаракларига жалб этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.

Ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида университетда енгил атлетика, сузиш, кураш, самбо, гимнастика, бадиий гимнастика, найза улоқтириш, оғир атлетика, таэквондо, дзюдо каби 24 спорт туридан тўгараклар очдик. Уларга атрофимиздаги маҳаллаларда яшовчи 1000 га яқин уюшмаган ёшлар қамраб олинди.

Бундан ташқари, Чирчиқдаги 4-умумтаълим мактабида 2 маротаба “Вазир соати” тадбирлари ташкил этилди ҳамда 100 дан ортиқ спорт инвертарлари, бадиий ва илмий адабиётлар совға қилинди.

Спортни оммалаштиришда мураббийларнинг ҳам ўрни бор

 

Дарҳқақиат, спортни ривожлантириш, оммалаштиришда малакали мураббийлар масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, университетимизда қабул квотасининг оширилиши, айниқса, магистратурага қабул сони кўпайиши спорт соҳаси бўйича илмий салоҳиятни ошириш, дунё тажрибасини татбиқ этиш, ўзбек спортининг ўзига хос янги, илмий асосланган тажрибасини яратишга замин яратди. Энг муҳими, малакали мураббийларни етиштириш қишлоқларда, олис ҳудудларда болаларни спорт билан шуғуллантириш учун ҳам кенг йўл очади.

Малакали мураббийларни тайёрлашнинг яна бир муҳим жиҳати, уларни маънавий етук қилиб тарбиялашдир. Чунки улар воситасида оилаларда соғлом турмуш тарзини, юксак ахлоқий муҳитни шакллантириш имкони мавжуд. Бошқа томондан эса, моҳир мураббий тайёрлаган спортчи халқаро майдонда юртимиз номидан спорт майдонига чиқади. Ана шу паллада спортчиларимизнинг нафақат профессионаллиги, балки одоб-ахлоқи, интеллектуал салоҳияти, маданияти билан давлатимизга баҳо берилади. Шу боис, университетимизда мураббийлар тайёрлашнинг маънавий-ахлоқий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси ёшлар камолоти тимсолида Ўзбекистон имижини халқаро миқёсда юксалтириш имконини ҳам бермоқда.

Бу қандай кўринишда намоён бўлади?

Айтайлик, мактаб ўқувчиси тонгда салқин ва ораста йўлакда югуришга чиқади, бадантарбия қилади, сўнг мактабга боради. Руҳи тетик, билимга чанқоқ, шижоатли фарзанд дарсдан чиқиб спорт тўгарагига йўл олади. Машғулотлар, сабоқлар, дўстлар билан муносабатлар уни чархлайди, вужуди жисмоний ва руҳий қувватга тўлади. Табиийки, бундай ёшлар оламшумул ютуқларга эришади. Дунёдаги тенгдошлари унга ҳавас билан боқади. Бу эса Ўзбекистонда ёшлар сиёсати тўғри йўлга қўйилгани, бугунги авлодларга сарфланган инвестиция самара бераётганидан далолат.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ана шу сиёсат йўлида собитқадамлиги билан ҳам халқаро эътирофларга сазовор бўлмоқда. Чунки, тўрт-беш йил олдин бошланган ёшларга эътибор бугун ўз самарасини беряпти. Аллақачон ёшларимиз спортнинг шахмат, бокс, кураш каби кўплаб йўналишларида ўзини дунёга танитиб улгурди. Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси эса бу йўлда уларга қанот вазифасини ўтамоқда.

Яна бир гап, жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор орқали миллат генофонди соғломлашади. Соғлом миллат эса улкан ғалабаларга, қолаверса, интеллектуал юксалишга қодир бўлади.