Мамлакатимизда фтизиатрия ва пульмонология хизматини такомиллаштириш, силга қарши курашиш соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналиши этиб белгиланган. Бугунги кунда силга қарши кураш ишларини ташкил этишда тиббий-профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усуллари йўлга қўйилган.
Президентимизнинг ўтган йили 18 мартдаги соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда туберкулёз ва ўпка носпецифик касалликларининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида куни кеча давлатимиз раҳбарининг “2023-2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Аввало, фтизиатрия ва пульмонология соҳасида эътиборга молик ишлар қилинаётганини таъкидлаш керак. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 13 февралдаги “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрса тиш тизимини такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада катта ўзгаришларга замин ҳозирлади. Масалан, ҳар битта вилоятдаги вилоят силга қарши кураш диспансери фтизиатрия ҳамда пульмонология марказига айлантирилди ҳамда пульмонологик хасталикка чалинганларни қамраб олишга эришилди. Туберкулёз касаллигининг замонавий лаборатор диагностикаси туман, шаҳар, ҳудудлараро, вилоят ва марказий лабораториялардан иборат 5 даражали тизим шаклида ташкил этилиб, 2 соатда ташхис қўйиш имконини берувчи жами 136 та, шундан 40 та ПЦР (G-Xpert) диагностик жиҳозлар бирламчи даволаш муассасаларига татбиқ қилинди.
2020 йили коронавирус пандемияси бошланганидан кейин имкониятимиз бирмунча чекланди. Чунки вилоятлардаги аксарият фтизиатрия-пульмонология марказлари COVID марказларига айлантирилди. Беморлардан шикоятлар бўлса-да, карантин шароити туфайли ташхислаш имкони топилмади. Пандемия сусайгач, ЖССТ томонидан коронавирусдан кейинги сил, пульмонологик касалликларга чалиниш кўрсаткичи ошгани ва хасталикларнинг кечиши анча мураккаблашгани тасдиқланди. Бу эса соҳада янги чора-тадбирлар ишлаб чиқиш заруратини юзага келтирди. Президентимизнинг “2023-2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан фтизиатрия ва пульмонология касалликларини профилактика қилиш, ташхислаш, даволаш борасида қатор имкониятлар яратилмоқда.
Ўпка патологиясининг клиниколди белгиларини эрта аниқлаш учун йиллик тиббий кўрик доирасида скрининг дастурлари ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш белгиланди. Жумладан, латент туберкулёз инфекциясига скрининг текширувлари сони 1 миллионтагача оширилади. 2023 йилдан бошлаб ҳар йили уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар скрининг текширувидан ўтказилади. Текширувлар натижасида латент туберкулёз инфекцияси аниқланса, унга чалинганларни даволаш қамрови 21 минг нафаргача оширилади. Яъни 21 минг беморга дори билан кимёвий профилактика қилиш имкони яратилади. Бу, ўз навбатида, организмда умуман туберкулёз таёқчалари қолмаслиги, фаол шаклга ўтмасдан касалликка барҳам беришга хизмат қилади. Шунингдек, бу йил 1 мартга қадар туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари томонидан бирламчи тиббиёт муассасаларига бириктирилган аҳоли орасидан туберкулёз билан касалланишга мойиллиги бўлган хавф гуруҳига мансуб шахслар рўйхати тузилади. Бундай гуруҳга кирувчи ўсмирлар ва катталар рентгенологик, болалар эса иммунологик текширувдан ўтказилади.
Қарорда кўрсатилган энг катта вазифаларимиздан бири ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология тизимларини илғор хорижий тажриба асосида трансформация ва модернизация қилишдир. Шу пайтгача фтизиатрия тизимида вертикал усул амал қилган. Яъни бу борадаги маълумотлар тумандан марказгача узатилади. Биз маълумотларни таҳлил этган ҳолда келгуси ишларимизни режалаштириб оламиз. Нечта дори-дармон, лаборатория ускунаси зарурлигини олдиндан прогноз қилиб сотиб олиш, штатлар меъёрини ишлаб чиқишга имконият яратилади. Аммо пульмонология бўйича бундай усул ҳали ишлаб чиқилмаган. Мана энди 163 та кўп тармоқли тиббиёт маркази негизидаги фтизиатр ва пульмонолог штатлари асосида фтизиопульмонология бўлимлари ва кундузги стационарлар очяпмиз. Пульмонологик касаллиги бор ёки коронавирус асоратидан кейинги салбий ҳолатлар кузатилса, бироқ беморнинг шифохонада ётишга имконияти бўлмаса, уйининг олдидаги кўп тармоқли кундузги стационарда муолажа олиб, даволаниши мумкин. Шунингдек, стационарга келадиган беморларни саралаб, муолажага зарурати борларнигина ётқизиш мумкин бўлади. Бу шифокорларга даволаш усулларини кенгроқ татбиқ этиш имконини ҳам беради.
Қарорда кўп тармоқли марказий поликлиникалар ҳузурида “Астма ва сурункали обструктив ўпка касалликлари мактаби”ни ташкил этиш кўзда тутилган. Хўш, бунинг аҳамияти нимада? Бу мактабларда касалликдан қандай даволаниш, касаллик зўрайишининг олдини олиш чоралари ўргатиб борилади. Аввало, пульмонологик касалликка чалинганларнинг хасталикка нисбатан шахсий муносабатини шакллантириш зарур. Беморнинг оила аъзолари ҳам бу билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим. Бу уларнинг ҳаёти сифатини яхшилашга ёрдам беради. Вилоятлардаги фтизиатрия ва пульмонология марказларида йил охиригача ҳудуддаги эпидемиологик вазият ва эҳтиёждан келиб чиқиб режа тайёрлаяпмиз.
Аста-секин фтизиатрик ўринларни пульмонологик ва ташхислаш ўринларига айлантирамиз. Буларнинг барчаси “Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолига қулайлик яратиш, саломатлик аталмиш неъматнинг бардавомлигини таъминлаш мақсадида қилинади. Беморга туман даражасида ташхис қўйиш имкони бўлмаса, вилоят фтизиатрия-пульмонология марказига мурожаат қилиши мумкин. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидаги бош пульмонолог штатини вилоят фтизиатрия-пульмонология марказига ўтказяпмиз. Чунки бу марказларнинг салоҳиятини янада оширишимиз керак. Беморларда туберкулёз таёқчалари топилса, фтизиатрия бўлимига, пульмонологик касалликлар аниқланса, пульмонологияга, ташхислаш қийин бўлса, ташхислаш бўлимига йўналтирилади.
Германия тараққиёт банкининг грант маблағлари ҳисобига марказ ва унинг ҳудудий марказларига жами 47 турдаги замонавий диагностик ва даволаш тиббиёт ускуналари етказиб берилиши кўзда тутилмоқда. Бундан кўзланган мақсад юртдошларимиз учун ихтисослашган малакали ёрдамни фақат Тошкентда эмас, балки ўзи яшаётган ҳудуд, шаҳар ва туманларда ҳам олиш имконини яратишдир. Аҳоли учун яна бир қулайлик шуки, юқори технологик амалиёт керак бўлса, беморлар Тошкентга келиб сарсон бўлмай, ўз ҳудудида малакали тиббий ёрдам олади.
Мамлакатимиз бўйича юқори технологик, инфекцияни икки соатда аниқлаб берадиган 136 та G-Xpert замонавий тиббий аппарати ўрнатилган. Бу бир қатор туман ва шаҳарларда касалликларни эрта аниқлаш, ташхис қўйиш имконини бермоқда. Бундан ташқари, олис ва чекка, тоғли, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда яшовчи аҳолига бепул тиббий кўрик доирасида скрининг тадбирлари ўтказиш кўзда тутилмоқда. “Ўпка саломатлиги” мобиль бригадаси доирасида ҳар бир вилоят ҳокимлиги билан биргаликда “Isuzu” микроавтобуси олинади. Унга тўрт турдаги тиббий ускуна ўрнатилади. Халқаро грантлар доирасида ультрапортатив рентген аппарати олганмиз. Замонавий ва салбий таъсири бўлмаган ихчам рентгент аппаратини ҳар бир хонадонга — тўшакда ётган беморнинг олдигача олиб бориш имконияти бор. “Ўпка саломатлиги” мобиль бригадасида замонавий рентген ускунасидан ташқари G-Xpert, ЭКГ аппарати ва мобиль спирометр бўлади. Бу қулайликлар олис ҳудудлардаги юртдошларимиз учун яратилмоқда. Бундан ҳар бир ватандошимиз самарали фойдаланиши мумкин.
Шу пайтгача мамлакатимизда бешта туманлараро лаборатория фаолият юритган бўлса, 2023-2024 йилларда Андижон, Жиззах, Навоий, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги фтизиатрия ва пульмонология марказларида замонавий бактерология лабораторияси барпо этилади. Шунингдек, 8 та вилоят ва республика муассасаларида капитал таъмирлаш ёки қурилиш ишлари олиб борилади. Марказ таркибида Миллий референс лаборатория ташкил қилинади. Марказнинг ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан маҳаллий ҳамда чет эллик микробиологик лаборатория мутахассислари учун илмий-амалий тренинг маркази фаолияти йўлга қўйилади. Унда энг замонавий ускуналар ўрнатилади.
Мамлакатимизда туберкулёз касаллигини даволашга улкан ҳисса қўшган академик Шокир Алимов илмий мактаби ташкил этилмоқда. Унда соҳадаги энг долзарб муаммолар бўйича ҳам илмий изланиш, ҳам ўқитиш ва ёшларни тайёрлаш бўйича катта ишларни бажаришни мақсад қилиб қўйдик. Бир нечта ҳудудий марказимизда амалиётда ишлаётган шифокорлар ва ўрта тиббий ходимлар учун амалий мактаблар очилади.
Туберкулёз ва ўпка носпецифик касалликлари бўйича эпидемик вазиятни мунтазам таҳлил қилиш, мониторингини олиб бориш, касалликларнинг тарқалиш тенденцияларини прогнозлаш, таклифларни шакллантириш ҳамда беморларнинг миллий электрон реестрини юритиш кўзда тутилган. Биз икки йилдан бери ЖССТ билан бирга бу платформа устида ишладик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигидаги “IT-Med” масъулияти чекланган жамияти билан бирга маҳаллий шароитга мослаштирдик. Яқин кунларда туман, вилоят, республика бўйича барча беморлар тўғрисидаги маълумотлар мазкур реестрга киритилади. Айни пайтда беморлар тўғрисидаги барча маълумотлар электрон шаклда сақланмоқда. Ҳадемай бу маълумотлар битта базага яхлит жойланади. Бу ҳам илмий изланиш, ҳам стратегик томондан келгусида амалга оширишимиз зарур бўлган ишларни режалаштириш имконини беради. Кўрилаётган барча чора-тадбирлар кўплаб юртдошларимиз ҳаётини сақлаб қолиш, пульмонологик касалликлар эпидемиясини имкон қадар тезроқ бартараф қилишда катта аҳамият касб этади.
Наргиза ПАРПИЕВА,
Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология
илмий-амалий тиббиёт маркази директори