Зеро, корхонамиз замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган,  илмий салоҳияти юқори кадрларига, илғор ахборот-коммуникация инфратузилмаси ва ишлаб чиқариши автоматлаштирилган бошқаришга эга йирик замонавий мажмуа ҳисобланади.

ЯНГИ ЖАРАЁНЛАРГА ХОС ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Корхонамизда янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, мавжудларини кенгайтириш ва модернизация қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бу жараённинг ажралмас қисмидир.

Комбинатда ишлаб чиқариш, транспорт, молиявий ва бухгалтерия ҳисоби, ходимлар, моддий-техник таъминот, энергия ресурслари ва режали профилактика таъмирлаш ишларини бошқариш тизимлари ишлаб чиқилган ва жорий этилган. Хусусан, янги конларни қидириш, режалаштириш ва ишлаб чиқиш, шунингдек, мавжудларини янада ривожлантиришга хизмат қилувчи 3D моделлаштириш функцияларига эга.  Micromine дастурий таъминоти ҳам унумли қўлланиб келиняпи. Унинг асосий афзаллиги объектлар бўйича мавжуд материалдан фойдаланишнинг тўлиқлиги билан боғлиқ геологик маълумотларни тасдиқланмаслигидан келиб чиқадиган хавфни олдиндан баҳолаш ва захираларни анъанавий усул билан олинган ҳисоблашларни тузатишдан иборат.

Тоғ-кон ишларини баҳолаш, лойиҳалаш, оптималлаштириш ва режалаштириш, геологик қидирув маълумотларининг электрон базасини яратиш, карьерларнинг (очиқ конларнинг) геологик тузилмасини хариталаш, карьерларнинг ён томонлари (деворлари) деформациясини прогнозлаш, захираларни ҳисоблаш учун эса, GEOVIA MineSched, Studio OP геологик ахборот тизими жорий этилган. Янги тизим қисқа вақт мобайнида мутахассисларга 12 та кон учун халқаро   JORC кодексига мувофиқ, захираларни қисқа муддатларда ҳисоблаб чиқиш имконини берди.

Комбинатда илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар ва ишланмалар ишлаб чиқаришга тезкорлик билан татбиқ этиляпти. Чунки, ҳозирги кунда бу соҳада бир қадам олдинда юрмасангиз, кўп нарсадан бехабар бўласиз ва ортда қолиб кетиш ҳам ҳеч гап эмас.

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ТИЗИМ САМАРАСИ

Комбинатдаги гидрометаллургия заводларининг ишлаб чиқариш майдонларида деярли барча технологик жараёнларни қамраб олувчи замонавий  автоматлаштирилган бошқарув маркази негизида интеллектуал тизим жорий этилмоқда. Бунда барча босқичлардаги технологик жараёнлар тўғридан-тўғри рақамли бошқариб борилади. Шу билан бирга, бу тизим авариялар, туриб қолиш, эскириш ҳолатларини бартараф этган, таъмирлаган ҳолда,  самарадорликни оширишга қаратилган тезкор объектив маълумотлар билан таъминлайди.

Масалан, 3-гидрометаллургия заводида қийин ишлов талаб қилувчи чиқиндилардан олтин ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш мақсадида интеллектуал тизим жорий этилди. Натижада технологик жараёнга инсон омилининг таъсирини камайди ва қимматбаҳо металлар қазиб олиш ҳажми ошди. 2021 йилда ишга туширилган 2-гидрометаллургия заводининг иккита тегирмон блокида ҳам замонавий рақамли технологиялар татбиқ этилди. Бу, ўз навбатида, таркибида олтин бўлган маъданни қайта ишлаш ҳажмини соатига 120 тоннагача ёки бир кеча-кундузда 3000 тоннагача ошириш имконини берди.

Мазкур заводнинг 22 та тегирмон блокига Германиянинг Engineering Dobersek компанияси томонидан ишлаб чиқилган гидроциклон қурилмаларни автоматик бошқариш тизими ўрнатилган. Рақамли технология туфайли майдалаш жараёнининг сифат кўрсаткичлари яхшиланди ва янги тегирмон блокларини қуришда ер майдонлари саҳнини қисқартиришга эришилди. Унинг яна бир афзаллиги,  анча юқори даражадаги автоматлаштирилган бошқарув тизимига интеграциялашув имкониятига эгалигидир.

Grind Expert технологиясини қўллаш тегирмон блокларидаги майдалаш жараёни унумдорлигини 5-7 фоизга оширадиган янги тизимини ишлаб чиқишга йўл очди. Умуман олганда, айни кунда заводнинг барча технологик жараёнлари марказлаштирилган рақамли назорат механизми ёрдамида бошқарилиши ягона интеграллашган автоматлаштирилган тизимнинг яратилишига замин бўлди.

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНЛАРИ МОНИТОРИНГИ

Комбинат корхоналарининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини доимий мониторингини олиб бориш, ёнилғи маҳсулотларини тежаш  бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Янги электрон тизимлар кейинги йилларда диспетчерлик хизмати, очиқ карьерлар ва ерости конларида кенг жорий этилди.

Мисол учун карьер ускуналарини онлайн мониторинг қилиш туфайли юк ташувчи автомобиллар, экскаваторлар ва бурғилаш қурилмалари фаолиятини оператив бошқариш имконияти вужудга келди. “Зармитан”, “Ғужумсой” ва “Қорақўтан”  ер ости конларида ҳар бир смена фаолияти ҳам шу тариқа узлуксиз кузатиб ва баҳолаб борилади.

Маълумки, кон-металлургия соҳасида маъданларни қазиб олиш ва ташишда транспорт воситаларининг ўрни жуда катта. Қудратли техникалар катта сарф–харажатни ҳам талаб қилади. Уларни камайтириш мақсадида “Ёқилғи ва мойлаш маҳсулотлари мониторинги” дастури ишлаб чиқилди. Дастур ёрдамида ёқилғи ва мойлаш материаллари назорати автоматлаштирилган тарзда олиб бориляпти. Унинг қулайлиги шундаки,  онлайн режимда транспорт  воситалари ҳаракатини кузатиш ва назорат қилиш мумкин.

Комбинатда GPS/GSM сунъий йўлдош тизими асосида Online мониторинг қилиш механизми ҳам йўлга қўйилган. Бунинг натижасида 3500 дан ортиқ транспорт воситалари фаолиятини оқилона бошқариш имконияти юзага келди.

Мутахассисларимиз томонидан инсон омилини камайтириш мақсадида электрон идентификациялаш карталари орқали ёқилғи-мойлаш материалларини тарқатиш жараёни автоматлаштирилди. Ёқилғи қуйиш шохобчаларида эса, операторларсиз ёқилғи қуйиш йўлга қўйилди. Бу каби чоралар ёқилғи-мойлаш материалларининг ҳисобини юритиш ва сарф қилиш устидан назоратни кучайтириб, турли даражадаги йўқотишларнинг олдини олишга хизмат қиляпти. Мисол учун, рақамли тизим 2020-2021 йилларда маъдан массаси бирлиги учун дизель ёқилғисининг солиштирма сарфини 1,42 дан 1,37 л/м3 гача камайтириш имконини берди. Натижада, 2021 йилнинг ўзида 12 164 тонна ёки 72,8 миллиард сўмдан ортиқ ёқилғи-мойлаш материаллари тежалди.

Илгари маъданни ташиш, унинг ҳажми ва бошқа кўрсаткичлар ҳисоботини тайёрлаш жараёни узоқ вақт талаб этар, оператор  ёки фойдаланувчига қийинчилик туғдирарди.   Ана шу мураккабликни ҳисобга олган ҳолда, IT  мутахассисларитомонидан меҳнат интизомини яхшилаш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархини камайтириш, транспорт  воситалари самарадорлигини ошириш мақсадида "Кон техникалари онлайн мониторинги" дастури ишлаб чиқилди.  Унинг амалга оширилиши турли ҳисоботлар яратиш жараёнини автоматлаштириш, каръер техникалари унумдорлигини ошириш ҳамда узилишларнинг олдини олиш  имконини беряпти. Дастур  воситасида кон техника ва ускуналарининг ишлаши ҳақида, зарурат туғилганда, ҳар сонияда электрон  ҳисобот олиш мумкин. Шу биланбирга, кондан олиб чиқилаётган маъдан массасининг ҳажмидан тортиб,  қанча ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари сарфлангани, техниканинг тўхтаб қолиш сабабларию қазиб олинган руданинг таркиби бўйича  ҳам маълумот бериб боради.

Гидрометаллургия заводларининг ўз ишлаб чиқариш салоҳияти жиҳатдан республика иқтисодиётини ривожлантиришда алоҳида ўрин тутади. Комбинат  дастурчилари томонидан яратилган махсус ахборот тизими улар фаолиятини автоматик бошқариш, юзага келган камчиликларни тезлик билан бартараф этиш ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бўйича тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйишда жуда асқатяпти. Ҳар бир цехнинг иш самарадорлиги, режанинг бажарилиши, ускуналарнинг созлиги тўғрисидаги тезкор маълумотлар онлайн режимда диспетчерлик хизматларига, завод ва комбинат бошқармаси раҳбар ва мутахассисларига етказилади. Мабодо ишлаб чиқариш жараёнида муаммо ва камчиликлар юз берган тақдирда, дастур  туфайли улар тезкорлик билан ҳал этилади ва иш ҳажмининг сезиларли даражада ортиши таъминланади.

Маълумки, корхонамизнинг ишлаб чиқариш иншоотлари республикамизнинг 7 та ҳудудида жойлашган. Раҳбарият ва  мутахассислар ишлаб чиқариш жараёнини жойларга бориб кузатишлари учун кўп вақт кетарди ва автомобиллардан фойдаланиш ёқилғи сарфлашни тақозо этарди. Бугунги кунда ўз иш жойида туриб, биргина компьютер тугмасини босиш  орқали  барча конлар, ишлаб чиқариш ва қурилиш объектларидаги иш жараёнларининг боришини нафақат кузатиш, балки уларни бошқариш имконияти мавжуд. Бунинг учун IT мутахассисларимиз PTZ айланма рақамли видеокамералардан фойдаланиш лойиҳасини ишлаб чиқди ва улар орқали технологик жараёнлар реал вақт режимида  назорат қилиб бориляпти.

Шунингдек, айни пайтда комбинатда тиббий кўриклар, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги йўриқномаларининг ўтказилиши, касб касалликлари ва бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш ҳам рақамли технологиялар зиммасига юкланган. Шундай тизимдан молия-хўжалик фаолиятини бошқариш ва бухгалтерия ҳисобини юритишда ҳам фойдаланилмоқда. Комбинатда ҳар ойда молия-хўжалик йўналишларга оид 100 мингдан ортиқ электрон ҳужжат шакллантирилиши ҳисобга олинса, янги тизим нечоғлик беминнат ёрдамчига айлангани, қолаверса, ҳужжатларнинг электрон нусхалари узоқ муддат ишончли сақланиши яққол намоён бўлади.

Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, комбинатнинг ушбу йўналишдаги йўл харитаси ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ,  рақамли трансформациялаш бўйича режалаштирилган қатор лойиҳалар бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, корхонамиздаги гамма-фаоллаштирилган таҳлилли марказий лаборатория жаҳон кон саноати корхоналари орасида ягона бўлиб, ундаги ноёб асбоб-ускуналар ёрдамида маъданлардаги олтин миқдори аниқланади. Олдинлари  натижалар 2-3 кунда тайёр бўлса, янги техногиянинг ўрнатилиши туфайли ҳозирги кунда бунга атиги18 секунд сарфланади. Чунки, таҳлиллар cунъий интеллект элементлари ёрдамида амалга ошириляпти.  Бундан ташқари,  гамма-фаоллаштирилган усули воситасида кумуш ва ноёб металлар таркибини аниқлаш ишлари ҳам йўлга қўйилади.

Амалга оширилган ва оширилаётган ишлар ҳам кўрсатиб турибдики, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши комбинат иқтисодий салоҳиятининг юксалишига асос бўлмоқда. Демак, бу жараёнда IT-хизматларининг аҳамияти ортиб бораверади, янгидан-янги технологияларни татбиқ этиш янада изчил изланишни ва доимо бир қадам олдинда юришни талаб этаверади.

Баҳодир ДАВЛАТОВ,

“Навоий кон-металлургия комбинати”  акциядорлик жамияти

 IT технологиялари бошқармаси бошлиғи