Президент Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг “Ёшлик-1” конини бориб кўрди.
Ташриф чоғида Президентимиз иқтисодиётнинг драйвери сифатида руспубликада мис маҳсулоти ва у билан боғлиқ соҳаларда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича илмий-технологик кластерга хизмат қилувчи кон-металлургия соҳаларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш борасида кўрсатмалар берди. Ушбу масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Бугун дунёда “яшил иқтисодиёт”, қайта тикланадиган энергия манбаларига эътибор кун сайин ортиб бормоқда, электр техникаси саноати жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида 2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камида 40 фоизга ортиши кутилмоқда. Бу Олмалиқ комбинати маҳсулотларига халқаро талаб узоқ йиллар давомида юқори бўлади, деганидир.
Шу боис мамлакатимизда рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Йиғилишда малакали кадрларни жамлаб, мис саноати кластерини ташкил этиш бўйича хориж тажрибасини чуқур ўрганиш, халқаро компанияни жалб қилган ҳолда, геология ва кон-металлургия соҳасини ривожлантиришда стратегик йўналишларни белгилаш бўйича топшириқлар берилди.
Албатта, соҳага қаратилаётган бундай эътибор давлатимизнинг олий таълим соҳасида янги босқични бошлаб берди. Бу эса ёш йигит-қизларимиз учун геолог, муҳандис, технолог, лойиҳачи, дастурчи ва бошқа замонавий касб-ҳунарларни эгаллашига замин яратади.
Тошкент давлат техника университети Кончилик иши ва металлургия факультетида ҳозирги кунда 1855 та талаба таҳсил олади. 2020/2021 ўқув йилида мазкур факультетни 380 та талаба битирди. Улар эртага иқтисодиётнинг драйвери бўлган ушбу соҳада фаолият бошлаши кутиляпти.
Орифжон ЗАРИПОВ,
Тошкент давлат техника
университети проректори