Бугунги кунда юртимизда ёшларнинг чуқур билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, ўз иқтидорини кенг намоён қилиши учун барча шарт-шароит яратилган. Aйниқса, кейинги йилларда олий таълим тизимида ўқув-тарбиявий ишлар янада такомиллаштирилиб, илғор фантехника ютуқлари, инновацион технологиялар, истиқболли лойиҳалар ҳаётга кенг татбиқ қилинмоқда.
Жумладан, Урганч давлат университетида ҳам эътирофга арзигулик ютуқлар қўлга киритилди. Бундан беш йил аввал олий таълим муассасамизда 7 минг 221 нафар талаба таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунда талабалар сони 23 минг 200 нафарга етди.
Қабул квотаси қарийб уч баробар ошди
Президентимизнинг шу йил 22 июндаги “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори билан Урганч давлат университетида 2021/2022 ўқув йилида 65 та кундузги, 23 та сиртқи таълим йўналиши ҳамда 31 та магистратура мутахассислигига қабул квоталари тасдиқланди. Шу билан бирга, бакалавриатнинг 17 та кундузги ва 2 та сиртқи таълим йўналишида рус тилида ўқитиш йўлга қўйилмоқда.
Ўтган ўқув йилида Урганч давлат университетига (бакалавр ҳамда магистратура) таълим йўналишлари бўйича 4830 та қабул квотаси ажратилган эди. 2021/2022 ўқув йилида бу кўрсаткич 4,2 фоиз оширилди. 2016 йилга нисбатан эса бу кўрсаткич 2,81 баробар ошган.
Янги ўқув йили учун вилоятимизда кадрларга мавжуд эҳтиёж ҳисобга олиниб, тўртта янги бакалавриат таълим йўналиши ва 6 та магистратура мутахассислиги очилди. Бундан беш йил аввал университетда 8 та факультет, 30 та кафедра, 45 та таълим йўналиши ва 13 та мутахассислик мавжуд эди. Бугунги кунда бу кўрсаткич сезиларли даражада ошиб, факультетлар сони 12 тага етди.
Беш йил ичида 4 та: биоинженерия ва озиқовқат хавфсизлиги, санъатшунослик, кимёвий технологиялар ҳамда филология факультетлари очилди. Кафедралар сони эса 39 тага етди. Уларда 925 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатяпти.
Илмий фаолиятдаги жонланиш
Таълим муассасамизнинг илмий салоҳиятида ҳам ўсиш бўлганини алоҳида қайд этиш керак. 2016 йилда университетда фаолият кўрсатаётган 619 нафар профессор-ўқитувчидан 14 нафари фан доктори, профессор, 142 нафари фан номзоди, доцент, 2 нафари фалсафа доктори эди. Жорий йилга келиб эса 27 нафар фан доктори, профессор, 210 нафар фан номзоди, доцент дарс бермоқда.
Ўтган йили хорижий олий таълим муассасалари билан таълим ва илмий соҳада ҳамкорлик географиясини кенгайтириш мақсадида Россия Федерациясининг Белгород давлат технология университети, Гомель давлат университети, Удмуртия давлат университети ва Астрахань давлат техника университети, Польшанинг Вармин-Мазур университети, Хитойнинг Нанчанг университети, Латвиянинг Болтиқбўйи халқаро академияси ва Беларуснинг Беларусь миллий техника университети ва Могилёв давлат озиқ-овқат университети билан, шунингдек, Эрасмус+ дастурининг халқаро кредит мобиллиги лойиҳаси доирасида Испаниянинг Барселона университети билан шартномалар имзоланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 11 ноябрда Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда Урганч давлат университети табиий фанлар факультети негизида қовунчилик бўлими ҳамда агрономия йўналишини очиш, соҳани зарур кадрлар билан таъминлаш юзасидан ўз фикрларини баён қилган эди. Ўтган даврда бу бўйича муайян ишлар бажарилди. Жумладан, университетимиз қошида КРАСС агромаслаҳат маркази, қовунчилик лабораторияси фаолият олиб бормоқда. 2016 йилда университетда 5 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 25 тага етди. Хусусан, ўтган йили илмий тадқиқотлар ва таълимга йўналтирилган 309,148 АҚШ долларилик 13 та халқаро лойиҳа бажарилди.
Сўнгги йилларда Урганч давлат университетида илмий тадқиқот ишларини жонлантириш, унинг ривожини янги босқичга кўтариш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, университетда саккизта ихтисослик бўйича бешта илмий кенгаш фаолият юритмоқда.
Молиявий мустақилликнинг фойдаси
Ўтган йил 1 январдан бошлаб юртимиздаги ўнта нуфузли олий таълим муассасаси қатори Урганч давлат университети ҳам тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтди.
Мустақил молиялаштириш тизимига ўтган муассасамизда давлат гранти ҳамда табақалаштирилган тўлов-шартнома асосида кадрлар тайёрлаш давом этмоқда. Янги тизим жорий этилиши олий таълимнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва бюджет маблағлари ажратилишини камайтирмади.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши натижасида университет ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини, китоблар, журналлар, ўқув адабиётларини харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш ҳуқуқига эга бўлди.
Сифатдаги ўзгариш ва халқаро ҳамкорлик
Университет ўқув жараёнларига Россия, АҚШ, Австрия, Швейцария, Италия, Германия, Корея Республикаси, Польша ва бошқа мамлакатлар олий таълим муассасаларидан тажрибали мутахассислар жалб қилинмоқда. Шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари ва ходимларининг хорижий олий таълим муассасаларига илмий-ижодий сафари уюштирилмоқда. Бундай тажриба алмашувлар таълим жараёнининг сифати ва самарадорлигига ривожланган давлатлар амалиётини жорий этишга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига асосан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилди. Ўша йилнинг ўзида бакалавриат босқичида 2 та йўналиш, магистратурада 4 та мутахассислик бўйича 43 нафар талаба қўшма таълим дастури бўйича таҳсил олган бўлса, 2020/2021 ўқув йилида бакалавриат босқичида 5 та йўналиш, магистратура босқичида 6 та мутахассислик бўйича 128 нафар талаба таълим олди.
2021/2022 ўқув йилида Россия Федерациясининг Астрахань давлат университети, Астрахань давлат техника университети ва Олтой давлат университети, Беларусь Республикасининг Беларусь миллий техника университети ҳамда Могилёв давлат озиқ-овқат университети, Германия Федератив Республикасининг Вайенштефан-Триздорф амалий фанлар университети билан ҳамкорликда бакалавриат босқичида 3 та йўналиш, магистратура босқичида 7 та мутахассислик бўйича 139 нафар талаба таҳсил олиши режалаштирилган.
Барча шароит талабалар учун
Табиатшунослик йўналиши талабаларининг тажриба-синов амалиётини ташкил қилиш учун 140,7 миллион сўмлик иссиқхона барпо этилди. Шунингдек, 562,7 миллион сўмга сунъий қопламали иккита футбол майдончаси қурилди. Талабалар учун ётоқхона етишмовчилигининг олдини олиш мақсадида 200 ўринли талабалар турар жойи капитал таъмирланди ва жиҳозланиб фойдаланишга топширилди.
Ўтган йили янги 500 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиши битказилиб, 1,43 миллиард сўмлик мебеллар билан жиҳозланди. Мазкур тўрт қаватли талабалар турар жойида 72 ўринли 8 та ошхона, маданий дам олиш хоналари ва хориждан келган профессор-ўқитувчилар учун меҳмонхона типидаги 25 кишига мўлжалланган алоҳида яшаш жойи ҳам мавжуд.
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида коворкинг, ахборот-ресурс ва ҳунармандчилик марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Университетнинг айни пайтда қурилаётган ахборот-ресурс маркази ҳам тез орада талабалар ихтиёрига топширилади. Шунингдек, 2000 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси ва 6 та спорт майдончасини қуриш ишлари бошланиш арафасида.
Янги ўқув биносини қуриб фойдаланишга топшириш 2022 ўқув йилига мўлжалланган. Бундан ташқари, бу йил бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан университетга қарашли 776 ўринли ўқув биносини капитал реконструкция қилиш режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, 600 ўринли талабалар турар жойини реконструкция қилиш ҳамда техника факультети ўқув биносини капитал таъмирлаш ва иккита янги спорт майдончасини қуриш режалаштирилмоқда.
Умуман олганда, буларнинг барчаси олий таълим муассасасини ҳар томонлама юксалтириш, талабаларнинг ўз мутахассислигини пухта ўзлаштириши учун қулай шартшароит яратиш, замонавий моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, юксак илмий салоҳиятли кадрларни тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.