Олий ўқув юртларида таълим жараёнининг хусусиятлари, шунингдек, университетларнинг жамият ва иқтисодиётдаги аҳамияти жадал ўзгариб бормоқда. Бутун дунёда университетлар талабалар, ўқитувчилар ва молиявий маблағларни жалб қилишда бир-бири билан рақобатлашади. Бу пойгада замон билан ҳамнафас, янги рақамли имкониятлардан фойдаланувчи олий ўқув юртлари бошқаларга нисбатан устунликка эга бўлади.

Ўтган йили 16 июнь куни Президентимиз раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида тизимдаги ислоҳотларнинг устувор вазифаларидан бири сифатида профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш зарурлиги таъкидланганди.

Буни амалга ошириш доирасида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил  24 декабр даги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Меъёрий ҳужжатда олий таълим муассасаларида ҳисоботларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш ҳамда таълим муассасаси фаолиятини автоматлаштириш бўйича Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши кўрсатилган.

Рақамли технологиялар даврида ҳар бир таълим ташкилоти нафақат ахборот технологиялари соҳасини, балки университет фаолиятининг барча йўналишини қамраб оладиган стратегик ёндашувга риоя қилиши зарур.

Бу жараёнда талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги саводхонлигини оширишга ҳамда олий таълим ташкилотининг барча бўғинларида туб ўзгаришларга эришиш учун мавжуд барча кучни йўналтириш зарур. Рақамлаштиришнинг фақат айрим йўналишларини танлаш етарли бўлмай, бир вақтнинг ўзида барча йўналиш бўйича ҳаракатланиш лозим.

Мазкур йўналишда Тошкент давлат юридик университетида ҳам муайян натижага эришилди. Жумладан, талабаларга ҳар қандай масала юзасидан электрон мурожаат қилиш имконияти яратилган. Шунингдек, ягона дарча тамойили асосида фаолият юритувчи Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолият юритмоқда. Битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳамда илмий раҳбарларни танлаш электрон тизими яратилди. Тўлов-шартнома қоғозини электрон олиш ҳамда тўловлар бўйича қарздорликни онлайн назорат қилиб бориш механизми ишга туширилди.

Шунингдек, баҳолаш жараёни ҳам тўлиқ шаффоф бўлиб, назорат ишлари электрон тизим орқали топширилиши ва баҳоланиши йўлга қўйилди. Мазкур тизимда назорат ёзма ишлари талаба томонидан электрон шаклда топширилади, яъни тизимга юкланиб, ундан сўнг автоматик равишда шифрланади ва тегишли кафедрага текшириш учун электрон шаклда жўнатилади. Кафедраларда мазкур ишлар профессор-ўқитувчилар ўртасида тақсимланиб, тизимнинг ўзида текширилади, баҳоланади ҳамда қўйилган баҳо юзасидан шарҳ ёзилади, яъни нима сабабдан шундай баҳолангани ҳамда талаба қандай камчиликларга йўл қўйгани кўрсатилади. Текширилган ишнинг баҳоси ва ишга ёзилган тақриз талабанинг шахсий кабинетида кўринади.

Университетдаги рақамлаштириш ишлари давом эттирилиб, мустақил университет электрон бошқарув тизими, автоматик махсус камералар орқали давомат тизими жорий этилиши устида изланиш олиб борилмоқда.

Бугун таълим ташкилотлари, айниқса, олий таълим муассасалари ўз фаолиятини ривожлантиришда қатор янги технологияларга таяниши лозим. Мослашувчан ўқитиш, сунъий интеллект, UX дизайн, виртуал ёки кибермакон, кенгайтирилган воқелик шулар жумласидан.

Моҳиятан, замонавий университетдаги барча жараён рақамли технологиял ар асосида барпо қилиниши лозим. Бу абитуриентлар билан ишлаш, ўқув жараёни ва таълим сифатининг таҳлилидан бошлаб битирувчиларнинг ишга жойлашиши мониторинги ва лавозимда кўтарилиш билан тугайдиган катта ҳажмдаги маълумотлар бошқарувига ўтишни талаб қилади.

Бугун мамлакатимиз таълим соҳасидаги тизимли ва изчил ислоҳотлар ўз натижасини кўрсатмоқда. Университетларимиз академик ва молиявий мустақилликка эришмоқда. Ўзининг мақсад ва вазифаларини белгилаб, замон талабл арига мослашиш ҳамда бугунги кун ва келажак учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш имкониятига эга. Ислоҳотларнинг шу йўсинда давом эттирилиши мамлакатимизда таълимнинг юқори чўққиларга чиқишига ва, энг асосийси, ёшларимиз халқаро миқёсда рақобатбардош бўла оладиган юқори малакали кадр бўлиб етишишига хизмат қилади.