Қонун билан солиқ маслаҳати соҳасини тартибга солиш ваколати жамоатчилик ташкилоти бўлган Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатаси солиқ маслаҳати соҳасида фаолиятни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича функцияларни бажарадиган, солиқ маслаҳатчилари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг ихтиёрий аъзолиги асосида ташкил этиладиган касбий бирлашмаси ҳисобланиши белгиланган.
Шу муносабат билан Молия вазирлигининг солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тугатиш, солиқ маслаҳатчиларининг касбий даражасини ривожлантириш каби асосий функциялари Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказиляпти.
Қонунда йиллик товар айланмаси охирги 3 йил мобайнида 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқ маслаҳатчилар томонидан солиқлар бўйича берилган хулосалари солиқ органлари томонидан тан олиниши кўзда тутилган.
Солиқ маслаҳатчиси адвокатлик тузилмалари, аудиторлик ташкилотлари, бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматлар кўрсатувчи бошқа юридик шахсларнинг штатида, шунингдек, давлат органларида асосий иш жойи бўйича ишлайдиган солиқ маслаҳатчиларига малака сертификатининг амал қилиши тугатилмаслиги кўрсатилган.
Қонун билан солиқ маслаҳати хизмати турлари кенгайтириляпти ва солиқ маслаҳатчиларига бир қатор ҳуқуқлар бериляпти. Жумладан, солиқ маслаҳатига оид хулосани судларда ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда солиққа оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлган ишларни кўриб чиқиш чоғида асос сифатида тақдим этиш ҳуқуқи бериляпти.
Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ маслаҳати бўйича хизматлар билан бир қаторда экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш бўйича консалтинг хизматлари, инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилиш, экспертизадан ўтказиш ва мониторинг қилиш каби хизматларни кўрсатиши мумкин.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.