Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хива шаҳри бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарлик ҳолати фош этилди.
Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Аниқланишича, фуқаро Р.Д. «Э.И.» МЧЖ раҳбари Д.М.нинг ишончига кириб, корхонанинг 608 млн сўмлик солиқ қарздорлигини Суд бошқарувчилари ассоциациясининг Хоразм вилояти бўлими раиси О.А. орқали бартараф қилиб беришини ваъда қилган.
У ушбу хизмат эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган. Тезкор тадбир давомида О.А. ҳам 500 АҚШ долларини олган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.