Шу муносабат билан жорий йилнинг 16-март куни Президент Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари соҳани рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, солиқ идораларини коррупсиядан холи тизимга айлантириш ва тадбиркорларга кўмак бериш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Солиқ тўловчиларга тенг рақобат шароитларини яратиш, шунингдек уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси раҳбар ходимларидан  ташкил топган ишчи гуруҳ ҳар бир ҳудудий солиқ инспекциялари ходимлари билан учрашиб, юртбошимиз томонидан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш бўйича кўрсатмалар беришди. Шунингдек ҳар бир ҳудудаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда бошқарма бошлиғи Й. Насимджанов жорий йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий инспекция раҳбарлари иштирокида туманларда жами 28 маротаба тадбиркорлар билан бевосита очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, қарийб 3 400 та тадбиркорлик субектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида жами 122 521 юридик шахслар фаолият юритади. Шундан, жорий йил бошидан буён 13 678 та корхона фаолияти ўрганилиб, "Солиқчи кўмакчи" тамойили асосида аниқланган 6 743 та муаммоли вазиятлар солиқчилар кўмагида ҳал этилди.

Бундан ташқари тадбиркорлик субектларида норасмий тарзда фаолият юритувчи 13 155 нафар фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди ва бунинг натижасида давлат бюджетига 5.8 миллиард сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, бугунги кунга келиб мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликлар кўламини янада ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтииш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги  тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020 йилда янги қабул қилинган Солиқ кодексига асосан, солиқ турлари 13 турдан 9 тага қисқарди. Мол мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди, Қўшилган Қиймат Солиғи (ҚҚС) 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик субектлари сони кўпайиб, Қўшилган Қиймат Солиғи (ҚҚС) тўловчилар сони 1 700 дан 33 000 тага етди.

Қўлловчи қўл бўлса, қўл қовуштириб ўтирмаймиз

Нафақат тизимдаги ислоҳотлар балки аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш мақсадида ҳам ислоҳотлар суръати янада ошди. Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармонига асосан солиқ тизими ходимлари аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатиш билан бирга уларнинг муаммо ва камчиликларини ўрганиб, муаммоларини бартараф этишмоқда.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан туманларда оммавий сайёр қабуллар ўтказилди.

Бугунги кунгача барча туманлар кесимида 49 марта сайёр қабул ўтказилиб, аҳолидан жами 352 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 207 таси бартараф этилган бўлса муддат талаб этадиганлари юзасидан чора тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Фуқаролар билан юзма-юз мулоқот давомида уй-жой учун субсидия, тадбиркорликни бошлаш кредит олиш, тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш, газ қувурларини ўтказиш, кадастр, ноқонуний қурилиш, алимент тоъловларини ундириш, маҳаллий ички йўлларни таъмирлаш ва шу каби қатор муҳим  масалалар кўриб чиқилди. 

-"Қўлловчи қўл бўлса, қўл қовуштириб ўтирмаймиз", дейди тикувчилик билан шуғулланувчи фуқаро Садуллаев Фарход. Ушбу фуқаро тадбиркорликни ривожлантиш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида тикув машинаси сўраб мурожаат қилган эди. Мурожаатни бартараф этиш ва бизнес имкониятларини кенгайтириш мақсадида бу фуқарога 10 та тикув машинаси олиб берилди.

Бу каби учрашувлар орқали аҳолининг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммо ва масалаларига барҳам берилмоқда. Ўзининг ижобий натижалари билан жамиятдаги муаммоларнинг бартараф этилишида муҳим аҳамият касб этаётган сайёр қабуллар мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи тадбиркорлар ва аҳолига мурожаат этар экан, давлат солиқ хизмати органлари солиқ соҳасига оид барча саволларга жавоб бериш, билмаганларини ўргатиш ва уланинг мавжуд муаммоларини ҳал этиш борасида "Солиқчи кўмакчи" тамойили асосида яқиндан ёрдам беришга доимо тайёр эканлигини таъкидлади.

Шохрух Кучкаров

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими