Давлат раҳбарининг қайд этишича, ўтган беш йил мамлакатимиз учун кескин ва оғир синов йиллари бўлди. Айниқса, 2020 йили бошланган коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида келиб чиққан глобал иқтисодий инқироз, Ўзбекистон учун ҳам, жиддий муаммоларни юзага келтирди.
Мана шундай мураккаб ва қийин вазиятга қарамасдан, миллий иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатларини барқарор сақлаб қолишга эришилди.
Сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 24 фоизга, саноат – 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга ўсган, ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайган.
Айни пайтда мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини тубдан такомиллаштириш;
тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш;
қишлоқ хўжалигида чуқур ва пухта ўйланган ислоҳотларни амалга ошириш;
ҳудудларни ривожлантириш, саноат ва хизматлар кўламини кенгайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Амалий натижадорлик, инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди.