Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон қарори билан “Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва тажриба-синов ҳудудларида дори воситаларини асосан электрон рецепт орқали тайинлаш тизими жорий этилди.

Электрон рецепт тизимининг киритилишидан мақсад:

— дори воситаларини халқаро патентланмаган ном (ХПН) асосида тайинлаш;

— шифокор томонидан дори ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот киритилиши;

— тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларининг ягона рақамли платформага уланиши;

— рецепт билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга эришиш.

Амалдаги қонунчиликка кўра, дори воситалари икки асосий тоифага бўлинади:

1. Рецепт билан бериладиган дори воситалари — фақат шифокор рецепти (шу жумладан электрон рецепт) асосида реализация қилинади.

2. Рецептсиз бериладиган дори воситалари — фармацевт ходим томонидан рецептсиз сотилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2023-йил 28-апрелдаги 10-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, дори воситаси рецептсиз тоифага киритилиши учун у гиёҳвандлик, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига кирмаслиги, жиддий ножўя таъсирлар келтириб чиқармаслиги ҳамда тиббий кузатувсиз қўлланганда хавф туғдирмаслиги лозим.

Дорихоналардаги фармацевт ходимлар ҳамда истеъмолчиларнинг юқорида келтирилган қонунчилик талабларини етарли даражада англаб етмасликлари натижасида амалиётда энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган масала — дори воситаларини қайтариш ва алмаштириш тартиби ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 39-бандига мувофиқ, дорихоналардан реализация қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар қайтариб олинмайди ва шунга ўхшаш дори воситалари ва тиббий буюмларга алмаштирилмайди.

Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим. Бунда сифатсиз дори воситаси ва тиббий буюм деганда яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) яроқлилик муддати ўтган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар тушунилади.

Умуман олганда, дорихона ходимлари ҳамда истеъмолчилар дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш жараёнида амалдаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган қуйидаги асосий талаб ва мажбуриятлардан хабардор бўлишлари мақсадга мувофиқ:

1. Рецепт билан бериладиган дори воситаларини дорихона пештахтасига жойлаштириш қатъиян тақиқланади;

2. Дорихона ходими харидорга дори воситаси бўйича қуйидаги маълумотларни тўлиқ ва тушунарли тарзда тақдим этиши шарт:

— қўллаш тартиби, дозаси ва яроқлилик муддати;

— чакана реализация нархи ҳамда савдо устамаси миқдори;

— маҳсулотнинг мувофиқлик сертификати (сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар);

3. Дори воситалари ва тиббий буюмлар реализация қилинганда харидорга касса чеки ҳамда товар чеки тақдим этилиши лозим.