Тарози тўғри ишласа, ундан истеъмолчи зарар кўрмайди. Шу билан бирга, сотувчи ва истеъмолчи ўртасида ҳалол муносабат шаклланади. Шу мақсадда республикамиз деҳқон бозорларида фойдаланилаётган электрон тарозиларни ўз вақтида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан давлат метрологик текширувларидан ўтказиб туриш юзасидан бир нечта меъёрий ҳужжатлар ҳам қабул қилинган.
Минг афсуски, ҳозирга қадар пойтахт деҳқон бозорларида электрон тарозилар билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топмади. “Ўзстандарт” агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва бошқа масъул идорлар ҳамкорлигида ташкил этилган ўрганишлар натижаси қониқарсиз бўлди, дея хабар бермоқда “Ўзстандарт” агентлиги матбуот хизмати.
Ўрганишлар давомида Тошкент шаҳридаги дехқон бозорларида 17 минг 894 дона савдо ўрни мавжуд бўлиб, шундан 9 минг 461 тасида тарози талаб этилиши маълум бўлди.
Мавжуд ўринлар савдоси учун 4730 дона тарозига эҳтиёж бор. Ҳозирги кунда деҳқон бозорларида 3200 дона тарозидан фойдаланилмокда. Қонунчиликда бозор ҳудудида шахсий тарозилардан фойдаланиш тақиқланган бўлса-да, 1960 нафар сотувчи шахсий тарозиларидан фойдаланиб келинмоқда.
Деҳқон бозорлари ҳисобида эса 1240 дона тарози бор, холос. Ҳозир деҳқон бозорларига 1531 дона тарози етишмайди.
“Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон миллий метрология институти ва ҳамкор ташкилотлар билан олиб борилаётган тарғибот тадбирларига қарамасдан, пойтахтимиздаги Аския, Чилонзор, Қорақамиш ҳамда Қўйлиқ деҳқон бозорларидаги мавжуд 326 дона электрон тарози тегишли тартибда қиёслаш кўригидан ўтказилмасдан ишлатилмоқда.
Бундай эътиборсизлик натижасида савдодаги ишонч йўқолади ҳамда давлат ва халқ манфаатларига зарар етади. Албатта, бундай салбий ҳолатлар тегишли идоралар томонидан ўрганилиб, ижобий ечим топилади, деган умиддамиз.