Тадбирда таъкидланганидек, туризм жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган соҳаси. СOVID-19 нинг жиддий таъсирига қарамай, глобал туризм барқарорлигини исботлади ва тезда тикланди. Бу жуда муҳим, чунки кўплаб мамлакатлар ўз иқтисодиётини кўтариш ва муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун туризмга таянмоқда.

2022 йилда дунё бўйлаб деярли 1 миллиард одам саёҳат қилган, бу пандемиядан олдинги кўрсаткичларнинг 66 фоизини ташкил қилади. Жорий йилда Ўзбекистон 7 миллион халқаро сайёҳ қабул қилиши кутилмоқда, бу 2016 йилдагидан беш баробар кўпдир. Келгуси йилда  эса мамлакатимизда 10 миллион сайёҳ қабул қилиш мақсад қилинган.

Вазир, шунингдек, ўз нутқида минтақавий туризм фаолиятини шакллантириш ва мувофиқлаштириш учун «Ипак йўлида туризм» тематик офисини очиш режасини маълум қилди. Бу Ипак йўлининг глобал бренд сифатидаги салоҳиятини оширишга ёрдам беради.

Ўзбекистонда UNWTO  Бош Ассамблеяси ўтаётгани улкан ютуғимиздир. Албатта, бу тасодифан содир бўлмади. Беш йил давомида туризм соҳасида амалга оширилган мисли кўрилмаган ислоҳотлар бу кунга замин ҳозирлади. Айниқса, сўнгги  2 йил ичида  ушбу Бош Ассамблеяни ўтказишга катта тайёргарлик кўрилди. Муҳим инфратузилма, жумладан, тарихий обидаларни тиклаш, кўприклар ва йўллар қуриш, сув ва энергия таъминотини яхшилаш учун 1 миллиард доллар сармоя киритилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик субектлари томонидан 60 та янги меҳмонхона қурилиб, 40 та меҳмонхона таъмирланди. Самарқанд аеропортининг янги терминали қурилди ҳамда Марказий Осиёдаги энг йирик МИCЕ-туризм мажмуаси бўлган "Silk Road Samarkand" барпо этилди. Энг муҳими, бу лойиҳаларнинг аксарияти яшил инвестициялардир.

                                                                  Баҳор Хидирова, 

“Янги Ўзбекистон” мухбири