Меҳмонларга пойтахтимизнинг ривожланиши жараёнлари, инвесторлар учун ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Делегация раҳбари, банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, банк фаолияти ҳақида қисқача маълумот берди. Совкомбанк – Россиянинг 20 миллиард активга эга учинчи банкидир. МҲХТ (молия ҳисоботи халқаро стандартлари)га мувофиқ эълон қилинган ҳисоботларга асосланган Гуруҳ ҳисоб-китобларига кўра, Совкомбанк гуруҳи охирги 10 йил давомида (2010-2019 йиллар) даромадлилик бўйича Россияда иккинчи ўринда бўлиб, унда капиталнинг ўртача рентабеллиги (ROE) 44% ни ташкил қилган. Банк облигациялари 57 та йирик мижозлар орасида жойлаштирилган. Банк Белоруссия ва Қозоғистонда ҳам фаолият олиб боради.
Сергей Хотимскийнинг таъкидлашича, банк раҳбарияти стратегик ҳамкорликка қизиқиб, Ўзбекистон, хусусан Тошкент билан ҳамкорликни истиқболли деб ҳисоблайди. Шунингдек, у охирги йилларда Ўзбекистонда ва унинг пойтахтида бизнес фаоллигининг ўсиш суръатлари билан қизиқиб, ҳокимлик вакилларидан бу борада атрофлича жавоб олди.
Шунингдек, Сергей Хотимский Тошкентдаги ислоҳотларга қизиқиш катта эканлигини таъкидлаб, Совкомбанк томонидан ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини ўрганиш ва биргаликда ишлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.