Сўх туман давлат архивининг бугунги кунга қадар 291 та фонддан иборат 4500 сақлов бирлигига яқин хужжатлари талаб даражасига жавоб бермайдиган бинода сақлаб келинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8-август кунги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Сўх туман давлат архивини алоҳида бино билан таъминлаш ҳамда моддий техника базасини мустаҳкамлаш белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд қилинган қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман давлат архиви биноси қурилиши учун ажратилган ер майдонида (72 м2) қурилиш ишлари шу йилнинг ўзидаёқ бошлаб юборилди.
Сўх туман янги давлат архиви биноси Истиқлол мфй Омузгор кўчаси 52-уйда жойлашган бўлиб, янги, замонавий ва техник жихозланган архивда 50 минг ҳужжат сиғими мавжуд бўлиб, бу эски бинога нисбатдан бир неча баробарга кўпдир. Бугунги кунда архивда тўрт нафар ходим фаолият олиб бормоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Мирталибович Юсупов, Сўх туман ҳокими Сайидмусаев Саидбахром Саидбурхонович ҳамда архив соҳаси фахрийлари сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, юртимизда архив иши тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар архив иши ва иш юритиш соҳасини такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани давлат архивлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, архив ҳужжатларини келажак авлод учун асраб-авайлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Тадбир қатнашчилари янги бинода яратилган қулайлик ва шароитлар билан танишди. Хоналарга замонавий жихозлар, компьютер жамланмалари, интернет тизими, кузатув камералари ўрнатилган.