Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Сўх туманига ташрифи доирасида туманда қурилиш ишлари якунланаётган янги аэропорт билан танишди.

Сўх туманининг Навобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жадал суръатлар билан барпо этилган аэродром майдони етти гектар бўлиб, узунлиги етти юз метрни ташкил этади.

Қурилиш ишлари учун давлат бюджетидан олти миллиард саккиз юз миллион сўм маблағ ажратилиб, учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шохобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларини ўзида қамраб оладиган замонавий мажмуа ташкил этиляпти. Яқин кунларда синов учишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Аэропорт қурилиши 2020 йил 8 августдаги «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

Вилоят ҳокими аэропорт учиш йўлаклари, кутиш ва хизмат кўрсатиш залида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. Сўнгги ишларни якунига етказишни тезлаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.