Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида ЙПХ ходими томонидан 33 ёшли Ж.О. бошқарувидаги Lacetti тўхтатилган. Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилаётганда фуқаро ўзини ДХХ ходими деб таништирган ва инспекторга сохта гувоҳномасини кўрсатган.

Сўнг ҳайдовчи "юқори лавозим"да ишловчи раҳбар танишига қўнғироқ қилган, телефон қилинган одам эса йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимига ҳайдовчини қўйиб юбориш бўйича кўрсатма берган.

Аммо ходимлар ўзини шубҳали тута бошлаган шахснинг маълумотларини текшириб, унинг гувоҳномаси қалбаки экани ҳамда ДХХга умуман алоқаси йўқлигини фош қилишган. Гумонланувчи ашёвий далиллар билан ушланди.

Суриштирувлар натижасида Ж.О. одатда ўзини президент администрацияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими сифатида таништириб, «мансабдор» шахс ниқоби остида шахсий масалаларини ҳал қилиб келгани ва бунинг учун сохта гувоҳномалардан фойдалангани аниқланди.

Ушбу шахс Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари ва 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган ва суд ҳукми билан 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.