Кўриб турганингиздек, инсонга тириклик бахш этадиган буюк адабиётимиз бор экан, эл дардини куйлайдиган, у учун ёниб яшайдиган юраги уйғоқ шоирларимиз бор, бу юртнинг эртаси бор, муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда "Элининг юрагини, маънавиятини кўрсатадиган буюк адабиёти" бор. Бу миллат барҳаёт, у заволга юз тутмагай!
Ана шундай тозаруҳ ҳайратларидан туғиладиган адабиётнинг борлиги, мен учун юрагимга ором берадиган, дилимга шукуҳ улашадиган, онгимга маърифат зиёсини таратадиган яратганнинг марҳамати, неъмати деб биламан. Ҳар битта шеърни ўқисам ёки ёзсам инсон сифатида ўзимни сарҳисоб қиламан, ўша онлар бир лаҳза бўлсада, буюк шоирларимизнинг кечмишлари кўз ўнгимдан ўтади. Ушбу кечмишлар бугунги мунаввар кунларимиз учун шукрона қилиб яшашга, адабиётни қадрлашга, буюк адибларимиз ва шоирларимизга муносиб издош бўлишга ундайди. Биласизми, шеърият, руҳиятимни тозартирадиган, қалбимга олам-олам завқ берадиган ажиб олам. Унда қуш бўлиб учаман, саҳродаги Мажнунга айланаман, бошпанасиз қолган сағир бола ҳам мен, бир вақтнинг ўзида шоҳ, бир вақтнинг ўзида шеърларимдаги Машраб ҳам ўзим. Юввошни, кўнгли оқни хўрловчи дунёга исёндек ёзилган сатрларимни таржимаи ҳолим десангиз адашмайсиз.
Буюк эрон шоираси Фуруғ Фарруҳзод “Менинг шеърларим- менинг дунёга боқадиган деразам, зотан ҳар бир одамнинг дунёга қарайдиган деразаси бўлмоғи керак” дейди. “Деразангни оч!” номли китобим мунис ва ғамгин, ёруғ ва афтода, баъзида жилмайган, баъзида хўмрайган, охир оқибатда бизни шоду нолон қиладиган дунёни кузатадиган ўз деразамдир! Зеро, бадииятда деразани очмоқ-кўнгилни очмоққа менгзалади. Шеърларим кўнглингиз деразаларидан майин сабодек кирса, шиддатли шамолдек туғёнлар уйғота олса, мен учун бундан ортиқ мукофот йўқ.
Бугун "Деразангни оч!" номи билан тақдимоти ўтказилаётган китобимни ижодкор сифатида мухлисларим, шеърият муҳиблари, сўзсеварлар қалбига бир олам эзгулик ҳамда чексиз меҳр улашиш мақсадида юрак қонимиз билан битилган дил туғёни сифатида қабул қилишингизни истардим. Бошқача айтганда, қалби бир олам яхшиликка тўла инжа сатрлар тизмаси билан СИЗГА энг яхши тилаклар тилаш саодати туҳфа этилганидан ниҳоятда бахтлилигимни изҳор этаётганимдан шодман.
Адабий маслакчилар ффн, доцент, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси М.Ҳамраевага, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Гулжамол Асқаровага, шоира Назира Ас-Саломга, ёш дўстим Анваржонга таъзимдаман. Истардимки, юрагингизни АДАБИЁТГА бўлган МЕҲР ВА САМИМИЯТ, СЎЗГА бўлган ЧЕКСИЗ ҲУРМАТ ҳеч қачон тарк этмасин!
Мирзоҳид Ботиров
Тошкент, Ёшлар ижодиёт маркази.