Бинобарин, унда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва ижтимоий фаоллигини оши­ришда спортнинг ўрни алоҳида экани қайд этил­ди. Ютуқларни мустаҳкамлаб, тизимдаги камчи­ликларни бартараф этишга эътибор қаратилди.

Бугунги глобаллашув шароитида ҳар бир давлат­нинг рақобатбардошлиги, аввало, ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий баркамоллиги билан бел­гиланади. Шу боис, жисмоний тарбия ва спорт масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда олий таълим муассасаларининг спорт йўналишидаги фаолиятини янада кучай­тириш зарурати мавжудлиги қайд этилди. Айрим ОТМларда спорт инфратузилмаси етарли дара­жада ривожланмагани, спорт иншоотларидан фойдаланиш даражаси пастлиги, талабаларни спортга жалб этиш тизими кўп ҳолларда формал­ликка айланиб қолгани танқид қилинди.

Мусобақалар мунтазам эмаслиги ёки кенг қам­ровли ташкил этилмаётгани ҳам айтилди. Шу­нингдек,спорт федерацияларининг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишламаслиги иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва профессио­нал спортга йўналтириш имконияти пасайишига сабаб бўлмоқда. Иқтидорли талабалар билан ин­дивидуал ишлаш масаласида ҳам камчиликлар мавжуд. Хусусан, юқори натижаларга эришиш салоҳиятига эга ёшлар учун индивидуал мураб­бийлар бириктириш тизими етарлича ривожлан­маган. Бу эса уларнинг профессионал даражада ўсишига тўсқинлик қилувчи омиллардан. Ҳолбу­ки, замонавий спорт тизимида ҳар бир спортчи билан индивидуал ёндашув асосида ишлаш энг муҳим талабдир. Ушбу камчиликларнинг очиқ муҳокама қилинаётгани ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланаётгани ижобий ҳол, албатта. Бу эса тизимни янада такомиллаш­тириш, муаммоларни босқичма-босқич ҳал қи­лиш имконини беради. Давлат сиёсатининг усту­вор йўналишларидан бири сифатида қаралаётган ва аниқ стратегик ёндашув шаклланаётган спорт соҳасида олий таълим муассасаларининг мавқеи­ни кучайтириш, ушбу жараёнда нафақат таълим маскани, балки ёшлар саломатлигини мустаҳ­камлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва иқтидорли спортчиларни етиштириш марказига айланиши долзарб вазифадир.

Президентимизнинг таклифига кўра, “маҳал­ла — мактаб — спорт муассасаси — олийгоҳ” уз­вий тизими асосида ёшларни спортга жалб этиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва профессио­нал даражада тайёрлаш бўйича янги механизм­лар жорий этилади. Спорт тўгараклари фаолияти кенгайтирилиб, уларга тажрибали мураббийлар бириктирилади, спорт йўналишидаги талабалар эса дуал таълим асосида амалий мураббийлик фаолиятига жалб этилади. Шунингдек, “сало­матлик баланси”, “соғлом ҳаёт волонтёрлари”, кросс-фит каби замонавий йўналишларни жо­рий этиш ташаббуси ҳам ёшлар ўртасида соғлом турмуш маданиятини шакллантиришда муҳим. Спорт соҳасида илмий тадқиқотларни ривож­лантириш, уларни амалиёт билан интеграция қилиш, спорт тиббиёти, физиология, реабилита­ция ва замонавий технологияларни жорий этиш ҳам устувор йўналишлардан. Сунъий интеллект асосида спортчилар фаолиятини таҳлил қилиш, машғулот жараёнларини оптималлаштириш каби замонавий ёндашувларни жорий этиш ор­қали илмий салоҳиятни оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Спорт соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар соғлом, фаол ва рақобатбардош жамиятни шакллантиришга хизмат қила­ди. Бунда олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган спорт тўгаракла­рининг ўрни муҳим.

Бугун Бухоро давлат педагогика инс­титутида фаолият юритаётган “Талаба ёш­лар спорт клуби”да йигит-қизлар спортнинг футбол, волейбол, стол тенниси, енгил атлети­ка, гандбол, дзюдо, шахмат, шашка, бадминтон, чим устида хоккей, кураш каби турлари билан шуғулланмоқда. Ўтган даврда институт талаба­лари жами 175 та медалга сазовор бўлган. Шун­дан 11 таси халқаро мусобақаларда, 16 таси Осиё чемпионатларида, 148 таси республика миқёси­даги беллашувларда қўлга киритилган.

Яқинда “Вазир кубоги” мусобақаси доирасида қизлар ўртасида илк бор ташкил этилган чим усти­да хоккей беллашувида талаба қизларимиз 3-ўрин­ни эгаллагани мазкур спорт тури бўйича фаолия­тимизнинг илк натижасидир. Талабаларимизнинг бу каби ютуқлари барчамизни қувонтиради. Шун­дай бўлса-да, ёшларнинг спорт турлари бўйича мунтазам шуғулланишига шароит яратиш йўлида доимий ҳаракатдамиз. Давлатимиз раҳбари бош­чилигидаги мазкур ислоҳотлар эса ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва юқори натижаларга эриша­диган спортчиларни тайёрлашда алоҳида фаоллик талаб қилади. Институтимиз мазкур ислоҳотлар бўйича самарали ишлаб, салмоқли натижаларини кўрсатади.

Баҳодир МАЪМУРОВ,

Бухоро давлат педагогика институти ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор