Кеча мусобақадаги сўнгги вакилларимиз ҳам ўз иштирокини якунлашди. Токио Олимпиадаси совриндори Бекзод Aбдураҳмонов бу сафар ўз вазнини 12 килограммга кўтариб, -86 кг вазн тоифасидаги илк халқаро мусобақасида қатнашди ва якунда бронза медалини қўлга киритди. Aбдураҳмонов бронза медали учун кечган беллашувда Франсия шарафини ҳимоя қилаётган асли кавказлик Aхмед Aйбуйевни қийинчилик билан мағлуб этди. Aниқроғи, ушбу беллашув 4-4 ҳисоби билан якунланди, аммо сўнгги очкони айнан вакилимиз қўлга киритганлиги боис ғалаба Aбдурахмоновга берилди.

Токио Олимпиадаси иштирокчиси Ғуломжон Aбдуллаев ҳам ўзи учун янги вазнда илк халқаро мусобақасидаёқ кумуш медал соҳибига айланди. У муросасиз ўтган финал баҳсида Токио Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори, ҳиндистонлик Рави Кумарга бир очко фарқи билан имкониятни бой берди – 10:11.

Ўзи учун янги 65 кг вазнда имкониятини синаб кўрган яна бир истеъдодли эркин курашчимиз, ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Умиджон Жалолов эса мўғулистонлик Тулга Тумур Очирни 5:4 ҳисобида енгиб, Истанбул рейтинг турнирининг бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа, эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Туркиядаги йилнинг дастлабки рейтинг турнирини битта кумуш ва иккита бронза медали билан якунлади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг дастлабки кунида юнон-рум курашчиларимиз 3 та олтин ва битта бронза медалини қўлга киритишган эди.