Афсонавий спортчи Оксана Чусовитина махсус спорт мактаби очилаётгани бежиз эмас. Чусовитина илк бор 1992 йилда Барселона Олимпиадасида иштирок этган бўлса, ўшандан буён узлуксиз саккиз марта ушбу нуфузли мусобақада қатнашди. Бу дунё спорти тарихида ҳақиқатан бетакрор ҳолат бўлиб, ўзбек спортчисининг Гиннеснинг рекордлар китобига киритилганидан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.

Олимпия, жаҳон ва Осиё ўйинларининг бир неча бор ғолиби, кўплаб халқаро мусобақалар совриндори Баҳодир Жалолов нафақат ўзбек бокси ривожига, балки дунёда ушбу спортнинг янада оммалашувига катта ҳисса қўшаётган саноқли спортчилардан биридир. Бугун минглаб ёшлар айнан ушбу фахрни спортчимиз каби боксчи бўлишни орзу қилиб, спорт мактабларига келаётгани ҳам Б. Жалоловга берилган баҳодир.

Қарорда Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалолов спорт маҳорат мактабларининг асосий вазифалари, молиялаштириш манбалари белгиланди. Уларни зарур спорт анжомлари ва ускуналар билан жиҳозлаш, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техника ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш учун давлат бюджетидан ҳар бир мактаб учун жами 25 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, мактабларда ишлайдиган ходимларнинг меҳнатини рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан амалга оширилади.

2022-2023-ўқув йилидан фаолиятини бошлайдиган замонавий гимнастика мактаби Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Сарикўл кўчаси, 24-уй манзилида, бокс мактаби эса Юнусобод тумани, 9-мавзеда жойлашган 259-умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида ташкил этилади. Гимнастика мактабининг умумий контингенти жами 165 нафарни ташкил этиб, улар мактаб ўқувчиларидан иборат бўлади. Бокс мактабининг контингенти эса жами 175 нафарни ташкил этиб, мактабга асосан 5—11-синф ўқувчилари қабул қилинади.

Махсус спорт мактабларини ташкил қилишдан бош мақсад турли даражадаги халқаро ва минтақавий мусобақалар – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиадалар ҳамда бошқа спорт турнирларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир халқаро миқёсдаги спортчиларни тайёрлашдир. Бу саъй-ҳаракатлар яқин йилларда ўз натижасини кўрсатиши турган гап. Чунки Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалолов каби спортчилар қўлида таҳсил олган шогирдлар албатта, халқаро ареналарда устозлари каби катта натижаларни қўлга киритиб, Ўзбекистон номини янада дунёга танитишга ҳаракат қилишига шубҳа йўқ.

Лазиз ҲАСАНОВ,

халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгаши депутати,

Ўзбекистон таэквондо (ИТФ) миллий ассоциацияси президенти