Шу кунларда юртимизда бир қатор мамлакат спортчилари иштирокида қўшма ўқув-машғулотлар йиғини бўлиб ўтмоқда. Туризм ва спорт вазирлиги хабарига кўра, куни кеча Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси рамазон ойи муносабати билан ифторлик дастурхони ёзди. Ўзбекона тарзда безатилган ошхона меҳмонларни лол қолдиргани бор гап. Улар биргина нонларимизнинг хилма-хил турларини кўриб шунчаки ҳайрон қолишди.
Ифторликда спортчилар ўзаро суҳбатлашди, миллий қадрият ва урф-одатларимиз билан қизиқишди. Ўзбекистонлик таэквондочилар эса меҳмонларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди. Қолаверса, тадбир давомида хорижлик меҳмонларга совға-саломлар улашилди.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, бу каби тадбирлар миллатлараро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.